24 ёшли йигит Жиззахда имконсизликдан имкон яратди
120 миллион миқдорда кредит олиб, пайпоқ ишлаб чиқараётган Фирдавс Дадажонов бир йил бўлмасданоқ маҳсулотларини Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қила бошлаган.
Жиззах вилояти Мирзачўл туманининг Боғбон қишлоғида пайпоқ цехи иш бошлаганига 4 ойдан ошди. Авваллари ўз маҳалласида иш йўқлиги сабабли, пойтахт бозорларида сотувчилик қилган 24 ёшли йигит маҳалласидаги ёшлар етакчиси кўмаги билан имконсизликдан имкон яратди.
Фирдавс ДАДАЖОНОВ:
– 120 миллион миқдорда кредит олдик. Ёшлар етакчиси бизга жой билан кредит олишгача ёрдам берди.
Биз асосан эркак ва аёллар пайпоғи ишлаб чиқарамиз. Суткасида 4 та ускунада 800-1000 тагача пайпоқ ишлаб чиқарилади.
Экспортга ҳам ўтдик. Қозоғистон, Тожикистонга экспорт қиляпмиз. Пайпоқларимиз сифати яхши бўлгани учун экспортга ҳам чиқишимиз осон бўлди.
24 соат мобайнида иш тўхтамайдиган ушбу цехда Фирдавснинг оила аъзоларидан ташқари яна 3 нафар ишчи ҳам ишлайди. Ишчилар ҳам бегона эмас, ўзининг дўстлари.
14-30 ёшдаги 785 нафар ёш ишлайдиган ушбу маҳалладаги ёшлар етакчиси тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Чунки пайпоқ цехи яхши натижа берди.
Маълум қилинишича, маҳаллада чет элда мигрант бўлиб ишлаётганлар 91 нафарни ташкил этади.
– Уларни Ўзбекистонга қайтариб олиш учун ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда ҳамкорлик қилиб, имтиёзли кредитларни ёшларга кўпроқ жалб қилиб, ҳозирги кунга қадар 12 нафарини Ўзбекистонга қайтариб чақирдик, дейди маҳалла ёшлар етакчиси Сардор ТЎЛАГАНОВ.