platina.uz

Бир кунда 200, бир ойда эса 6 000 000 сўм фойда...

“Аввал автомобиль ювиш шохобчасида 50/50 га ишлардим, энди эса ҳаммаси ўзимники”, дейди Жиззах вилояти Пахтакор туманида автомобиль ювиш шохобчаси очиб даромад топаётган ёш йигит Музаффар Синдоров.

Жамият
27 апрель 2023 йил

Жиззах вилояти Пахтакор туманида 14-30 ёшдаги 18200 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 485 нафари ёшлар дафтари рўйхатига киритилган бўлиб, 410 нафарига амалий ёрдам берилган. Жумладан, 31 нафар ёшларга ҳарбий хизмат тўловлари тўлаб берилган бўлса, 344 нафарига тижорий банклар томонидан кредит ажратилган.

Ана шундай кредит олиб, ўзининг тадбиркорлигини бошлаган ёшлардан бири туманнинг Самарқанд маҳалласида яшовчи Музаффар Синдоров.

– Аввал ҳам “мойка”ларда ишлардим, фақат даромадим 50/50 тақсимланарди. Мисол учун битта машина неча пулга ювилса, ўшани тенг ярми чўнтагимга, қолган ярми кассага тушарди. Ҳозир қанча ишласам ўзимники. 33 миллион миқдорида имтиёзли кредит олдим. Ана шу “мойка”да нима аппарат бўлса, ўшани шу кредит пулига олганман.

Мана кредитим, майда-чуйда ишлатадиган харажатларимдан орттириб, олдинги ишлаганимдан кўра ҳозирги даромадим яхши. Кунига 200-300 минг, яхши иш бўлса 400-500 минг ҳам тушади. Энди уни харажатимдан чиқариб ташлаб туриб, 1 кунда 300 минг ишласам, 100 минг харажатимга чиқарса, 200 минг соф фойда қиляпман.

Аввалига Шоҳруҳнинг укаси акасига ёрдам бераётганди, энди эса укаси ҳам акасидан ўрнак олиб, маҳалланинг бошқа ҳудудидан худди шундай автомобиль ювиш шахобчаси очди. Албатта бунда маҳалла ёшлар етакчисининг ёрдами катта.

Маҳалла ёшлар етакчиси Аббос Исоқуловнинг маълум қилишича, ҳозирги кунда маҳалладаги 14-30 ёшлилар аҳволи ўрганилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар “Ёшлар дафтари”га тавсия қилинмоқда.

Яна имтиёзли кредит маблағи ажратилган ёшлар бор. Хотин-қизларга эса тадбиркорлик қилиши учун тикиш машиналари олиб берилган. Ижтимоий ҳолати оғир ёшларнинг аксариятига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Соғлигида муаммоси бўлган ёшларнинг даволаниш харажатлари белгиланган тартибларга асосан тўлаб берилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+