platina.uz

Муаллифлик ҳуқуқи сабаб хонанда шоирга 30 млн.сўм товон пули тўлайдиган бўлди

Фарғона вилояти адлия бошқармаси platina.uz га муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ низоли ҳолат тафсилотларини маълум қилди.

Жамият
28 апрель 2023 йил
Муаллифлик ҳуқуқи сабаб хонанда шоирга 30 млн.сўм товон пули тўлайдиган бўлди

“Гап шундаки, Фарғона вилоят адлия бошқармасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Б. Фазлиддин ариза билан мурожаат қилиб, хонанда А. Шерматов томонидан хеч қандай рухсатсиз шоирга тегишли “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” номли тўпламидаги “Балосиз - гўёки ғамимни ейсиз”,деб бошланувчи “Айёр дўстларим” шеьридан фойдаланиб қўшиқ қилганлиги, унга нисбатан қонуний чора кўришликни, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраган.

Шоирнинг мурожаати адлия бошқармаси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг қарорига асосан, хонанда А.Шерматов муаллифлик ҳуқуқбузарлиги содир этилганлик факти тасдиқланди. Унга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Шоир Б.Фазлиддин фойдасига Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори эълон қилинди. Унга кўра, хонандадан шоир фойдасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари, яъни 30 млн. сўм товон пули ундириладиган бўлди” дея изоҳ берди Фарғона вилоят Адлия бошқармаси.

Маълумот учун:

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев томонидан шоир Б. Фазлиддиннинг ҳеч қандай рухсатини олмасдан шоирга тегишли бўлган айнан “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” тўпламидаги “Балосиз - гўёки ғамимни ейсиз”, деб бошланувчи “Айёр дўстларим” шеъридан фойдаланиб қўшиқ ижро қилганлиги учун суд томонидан шоир-муаллиф фойдасига базавий хисоблаш миқдорининг 80 баробари, яъни 24 млн. сўм товон пули, 2 млн. сўм маънавий зарар, жами 26 млн. сўм ундириб берилган.

“Аслида бу каби ҳолатлар кенг жамоатчиликни хурсанд қилиши керак! Чунки бу каби ҳолатлар мамлакатимизда қонунлар ҳаётий тарзда ишлаётганлигидан далолат беради” демоқда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси.

Шу ўринда мурожаат: муаллифлик ҳуқуқи нафақат номулкий, балки мулкий ҳуқуқ эканлигини унутмайлик, Муаллифлик ҳуқуқингиз бузилса, уни ҳимоя қилиш учун Адлия вазирлиги ёки ҳудудий адлия бошқармаларига мурожаат қилинг!

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+