"Менинг йўлим" лойиҳасининг таклиф киритиш босқичи жараёни якунланди
Республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф рўйхатга олинди. Киритилган таклифларга овоз бериш жараёни 7 май куни соат 18:00га қадар давом этади.
27 апрель куни соат 18-00да "Очиқ бюджет" ахборот порталида эълон қилинган "Менинг йўлим" лойиҳасининг жорий йилги мавсумига таклиф киритиш жараёни якунланди.
Туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50% қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган лойиҳанинг ушбу мавсуми учун республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф рўйхатга олинди.
Киритилган таклифларга овоз бериш жараёни бугундан бошланиб, 7 май куни соат 18:00 га қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, "Менинг йўлим" лойиҳасининг жорий йилги мавсумини молиялаштириш учун бюджетдан 312 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.