Хитой элчисининг чиқиши халқаро низога сабаб бўлмоқда
Хитойнинг Франциядаги элчиси Лу Шай собиқ иттифоқ давлатларининг ҳақиқий мустақиллигини шубҳа остига олган ва "халқаро ҳуқуқий мақомга эга эмас"лигини айтган.
23 апрель куни бўлиб ўтган телемулоқот чоғида у Қримни Украинанинг ери деб тан олишдан бош тортган. Бундан ташқари, постсовет давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам суверенитетини шубҳа остига қўйган.
Бу ҳолатга Франция, Украина ва Болтиқбўйи мамлакатлари (Латвия, Литва, Эстония) кескин норозилигини билдирган.
"Барча собиқ совет давлатлари халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамланган аниқ суверен мақомга эгадир. Фақат Россиягина БМТ хавфсизлик кенгашига "ёлғон йўллар" билан кириб олган. Минг йиллик тарихни билишини пеш қиладиган юрт вакилининг "Қрим воқеаси" ҳақидаги фикрлари ғалати. Агар сиз йирик сиёсатчи бўлишни истасангиз, рус аутсайдарларининг тарғиботини такрорламанг", дея изоҳ берган Украина президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк.
Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев эса хитойлик дипломат айтган гапларни яхшилаб ўрганиб чиқиш кераклигини билдирган.
"Мустақил бўлганимизга 30 йил бўлди ва мустақиллигимиз учун барча асослар ва ҳужжатлар бор. Яна бир бор айтаман, буни яхшилаб ўрганиш керак. Балки Хитой томонининг сўзлари нотўғри трактовка қилингандир", деган Рустамбоев.
Видеода Хитой элчисининг сўзларини инглизча таржимада кўришингиз мумкин.