Антикоррупция агентлиги раҳбарига берилган совғалар рўйхати эълон қилинди
Совғалар турли давлатлардан келтирилган. Энг арзони 1,35 млн. сўм бўлиб, Афғонистон Коррупцияга қарши курашиш комиссияси берган стол устига қўйиладиган керамикадан ишланган кўзадир.
Энг қиммат совға эса Миср Маъмурий назорат идораси совға қилган қора рангли қутиси билан ёғоч устига ўрнатилган металдан ишланган ҳайкалча бўлиб, унинг нархи 3,2 млн. сўм.
Агентликка кўра, совғаларнинг бозор нархи савдо дўконлари, интернет ҳамда бошқа манбалар ва усуллар орқали ўрганилиб, баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, 13 март куни давлат фуқаролик хизматида коррупциявий хавфларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом кучга кирганди.
Низомга кўра, совғанинг қиймати БҲМнинг 4 бараварига тенг ёки ундан кўп бўлса, совға давлат фуқаролик хизматчисида қолдирилади ва у томонидан ўз ихтиёрига кўра тасарруф этилади. БҲМ 4 баравари 1 млн. 320 мингни ташкил қилади.
Совға қиймати БҲМнинг 4 бараваридан ортиқлиги аниқланган тақдирда, совға молия-иқтисод бўлинмаси томонидан давлат органининг балансига кирим қилинади ва улардан давлат органининг эҳтиёжи учун фойдаланишга рухсат этилади.
Демак, агар 2023 йилгача олинган совғалар ҳам ҳисобланса, Акмал Бурҳоновга берилган барча совғалар давлат мулки сифатида кирим қилинади.