12 фоизли ҚҚС қандай қайтарилади?
Жорий йил 5 апрелда қабул қилинган “2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахсларга айрим товарлар хариди учун тўланган ҚҚС қайтарилиши белгиланган. Давлат солиқ қўмитаси бу тартибнинг амалга ошиш жараёнини тушунтирди.
ҚҚС қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхати
- Қўй гўшти
- Парранда гўшти
- Мол гўшти
- Тухум
- Ўсимлик ёғи
ҚҚСни қайтариб олиш учун "Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри"даги истеъмолчи Солиқ мобил иловасини юклаб олиб, FACE ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканер қилиши лозим.
ҚҚСни қайтаришда сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кирганлиги, харидор "Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри" да эканлиги ҳамда тадбиркор ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги инобатга олинади.
Агар реестрдаги истеъмолчи:
ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб чекни рўйхатдан ўтказганда ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12%, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1% кешбекка эга бўлади.
Шунингдек, ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда 1% кэшбек қайтарилади.