Жинсий зўравонликни содир этган жиноятчи жабрланувчининг ёшини билиши аҳамиятлими?

Айни пайтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенати ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинаётган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси доирасида муҳим савол ўртага ташланди.
Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Суд, ҳуқуқ масалалари, коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари:
"Ҳақиқатан ҳам энг катта баҳсларга асос бўлган мавзулардан бири бу. Жиноят қонунчилиги устида иш олиб борган олимлар, амалиётдаги айрим терговчилар, назариячилар томонидан ҳам жиноятнинг субъектив ҳолатларида жинсий зўравонлик қилинган жабрланувчининг ёши уни содир этган шахсга аён бўлиши кераклиги, буни билмаган тақдирда содир этган бўлса, жавобгарликка тортиб бўлмайди, деган фикрлар ҳам кўп бўлди.
Бундай фикрларга биз қатъий қарши чиқдик. Ишчи гуруҳ аъзолари, жамоатчилик ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам бунга қатъий қарши туришди.
Халқаро тажрибани ўрганганимизда ҳам амин бўлдикки, жиноятчига жабрланувчининг ёши аён бўлиши ҳеч кимга керак эмас.
Яъни шу қилмишни содир этган жиноятчи жабрланувчининг ёшини билиш-билмаслиги иккинчи масала. Бундан қатъий назар барибир жавобгарликка тортишимиз керак.Илгари бундай вазиятлар терговчининг маҳоратига боғланарди. Биз болаларимизнинг тақдири турган жойда терговчининг маҳоратини синаб нима қиламиз?
Шу боис жинсий зўравонлик ҳолатларида жабрланувчининг ёшини жиноятчи билиши масаласи Жиноят кодексидан қатъий олиб ташланди.
Жабрланувчи вояга етмаган бўлса бас, жиноятчи жавобгарликка тортилади ва у жазосини олади".