Самарқандда АҚШга юборишини айтиб, фуқародан 4,5 минг доллар олган фирибгар ушланди
Самарқандда фуқароларни АҚШ давлатига юбориш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йил 28 март куни Самарқанд шаҳар Азимбекова кўчасида яшовчи 37 ёшли Р.И. ариза билан мурожаат қилиб, 2019 йил сентябрь ойида таниши 39 ёшли Х.А. фуқароларни АҚШ давлатига юбориш билан шуғулланишини, укасини ҳам АҚШга юборишини айтиб ишонтириб, Самарқанд шаҳар Панжоб маҳалласида жойлашган “Хусен бобо” ошхонаси олдида жами 4.500 АҚШ доллар пулларини қўлга киритиб, берган ваъдасини бажариш учун ишлатмай, уларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлигини баён этган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида Х.А. аввал ҳам бу турдаги жиноятларни содир эткани учун судлангани ва у айни вақтда жазо муддатини ўтаб келаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.