platina.uz

Билими юқори ўқитувчилар апрель-декабрь ойида 5 млн сўмдан устама олишади

5 мингдан ортиқ номзод ўқитувчидан 1697 нафари вазир жамғармасидан тўлиқ устама олиш ҳуқуқига эга бўлишди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тўлиқ рўйхатни эълон қилди.
Жамият
30 март 2023 йил
Билими юқори ўқитувчилар апрель-декабрь ойида 5 млн сўмдан устама олишади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарорига асосан, ўз устида доимий ишлайдиган, ўзининг ўқитиш услубига эга бўлган ўқитувчиларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагогларни саралаш жараёнлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бир неча босқичда ўтказилган синовларда “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишларида номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражаси баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, Ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилган 5000 дан ортиқ номзоддан 1697 нафари Вазир жамғармасидан тўланадиган устама олиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Мазкур ўқитувчилар эндиликда 9 ой давомида (2023 йил апрель-декабрь ойлари) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари миқдорида (5 млн сўм) ҳар ойлик устама олишади.

Вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама олиш учун ўтказиладиган навбатдаги синов жараёнлари ҳақида вазирлик расмий ахборот манбалари орқали хабар берилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+