Аввал Бухоро, энди Фарғона...
Фарғона вилояти ИИБ маълум қилган воқеа тафсилотларига кўра, вилоятнинг Риштон туманида 2005 йилда туғилган қиз 2023 йил 23 март куни туман марказий истироҳат боғидаги “Пиратский корабль” номли аттракционда учаётиб, эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган. Тан жароҳати олган 17 ёшли қиз туман тиббиёт бирлашмасининг қабул бўлимига олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Риштон тумани ИИБ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ва қизнинг олган тан жароҳати бўйича судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Ҳодиса сабабларини аниқлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ёки қилинмаганлигини аниқлаш юзасидан Бандлик бошқармасига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.
Ҳозирги кунда вояга етмаган қиз Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида шифокорларнинг назоратида даволанмоқда ва аҳволи яхшиланяпти.
“Ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда” дея хабар берди Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг маълум қилишича, Фарғона вилояти Риштон тумани “Ар-Рошидоний” маданият ва истироҳат боғида жойлашган тадбиркор И.Т га қарашли. Нуохуш ҳолат “Қароқчилар кемаси” аттракционида содир бўлган. Камера тасвиридан олинган малумотга кўра, 17 ёшли фуқаро аттракционнинг маҳкамланган ҳимоя занжирини ўз қўли билан бўшатиб юборган. Шу сабабли аттракциондан ерга қулаб тушган. Натижада бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Инспекция ходимлари томонидан ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижасида “Қароқчилар кемаси” аттракциони қўлбола усулда ясалган бўлиб, 2022 йил июлда тадбиркор томонидан ўзбошимчалик билан ўрнатилгани аниқланди.
Мавжуд талабларга кўра аттракцион махсус ихтисослаштирилган ташкилот томонидан ўрнатилиши лозим. Шунингдек, аттракционнинг техник паспорти мавжуд эмас, статик ва динамик синовлардан ўтказилмаган, кунлик техник назорат, аттракцион электр жиҳозларини ерга заминлаш ва изоляцияси қаршилигини ўлчаш, ишга тушириш ва созлаш ишлари бажарилмаган. Аттракционга 2022 йил август ойида мавсум учун махсус лаборатория томонидан металл конструкциясининг мустаҳкамлиги тўғрисида ижобий хулоса берилган бўлса-да, шу кунгача аттракциондан тегишли рухсатнома олинмасдан фойдаланилган.
“Ҳозирги вақтда тан жароҳати олган фуқаронинг аҳволи қониқарли. Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари текширув ўтказмоқда” дея хабар қилди инспекция.
Аввалроқ эса Бухорода аттракцион узилиб бир оиланинг 3 аъзоси тушиб кетганди.