Аттракционлардаги нохуш ҳолатлар: бу назоратдаги сансалорлик оқибатими ёки?
Мутахассис фикридан хулоса шуки, назорат учун масъулларга имконият тўлақонли эмас, яъни бўшлиқлар бор. Шунингдек, тадбиркорлик ниқоби остида аттракцион талабларига тўла риоя қилмасдан фаолият кўрсатаётганларнинг “думини босиб қўйиш” мумкин эмас! Яъни назорат қилувчи органлар уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашиши тақиқланган. Аммо тадбиркорлар ўз мажбуриятини бажармаслиги, масъулиятини ҳис қилмаслиги, мавсумга тайёргарлик учун техник кўриклар ўтказилишини тегишли орган орқали таъминламаслиги Бухоро ва Фарғонада кузатилгани каби нохуш ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Ўйлаймизки, бу борадаги тартиб-таомилдаги бўшлиқларга эътибор қаратилади. Ахир гап инсон ҳаёти ва унинг саломатлиги ҳақида кетяпти. Мутахассис таъкидлагани каби масалаларда эса Бизнес Омбудсман ҳам тезроқ муносабат билдиради, деган умиддамиз.
Яна бир гап: мутахассис тавсиясига кўра, фойдаланувчилар ҳам истироҳат боғларидаги аттракционда учишдан олдин хизмат кўрсатувчилардан белгиланган тартибда мавсумга рухсат берилганлиги, текширув ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар билан таништиришни талаб қилишга ҳақли. Агар фойдаланувчилар ҳам ўзларининг ана шу ҳуқуқларидан фойдаланишса, бу ҳам тадбиркорларнинг ўзи ишига масъулиятли бўлишга ундайди.