Йўл чипталарини 3-6 ой олдиндан брон қилиш, сотиб олишда ноаниқликлар жуда кўп – Президент

“Жорий йилда вилоят ҳокимлари ва элчилар 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиш, экспортни 2,5 миллиард долларга етказиш устида аниқ режа ва мажбурият билан ишлашлари шарт” деди Президент Шавкат Мирзиёев. Қайд этилишича, бу борада қабул қилинган чоралар катта натижалар беришни бошлаган. Аммо муаммолар ҳам йўқ эмас.
Сиёсат
29 март 2023 йил
Йўл чипталарини 3-6 ой олдиндан брон қилиш, сотиб олишда ноаниқликлар жуда кўп – Президент

Туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш борасидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, Президент топшириғига кўра, туроператор, меҳмонхона, транспорт корхоналари, олийгоҳлар вакиллари билан бир неча бор учрашилиб, уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилган.

“Ўрганишлар кўрсатганидек, туристларни фаол жалб қиладиган жойлар ҳақида контент кам, бори ҳам қизиқарли эмас, сайёҳларни 4-5 кун олиб қоладиган турпакетлар етишмайди. Йўл чипталарини 3-6 ой олдиндан брон қилиш, сотиб олишда ноаниқликлар жуда кўп. Музей, театр, маданият масканлари туризм дастурлари билан боғланмаган, уларнинг ишлаш вақти ҳам сайёҳлар талабидан келиб чиқмаган”лигини қайд этган Президент

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда 5 та янги хусусий авиакомпания ташкил қилинган, авиапарк 44 тага етган. Ўтган йили янги Самарқанд аэропорти “бешинчи осмон” режимида ишлашига ўтгани ҳисобига, ҳафталик авиақатновлар сони 46 тадан 78 тага, йўловчи оқими эса 6,5 мингдан 10 мингтага кўпайган. Лекин...

“Ички рейслар тақчиллиги кузатилмоқда, темир йўлда ҳафтасига 68 та қўшимча қатновга, 350 та янги вагонга талаб бор. Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган ва Сурхондарёда сайёҳларга автобус етишмайди” деди Президент.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбари соҳа мутасаддилари шу ва бошқа камчиликлар билан тизимли ишламаётганини танқид қилган ва кескин ўзгариш қилиниши зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтган. Жумладан, Президент фуқаролик авиацияси раҳбарларига қуйидаги топшириқларни берган:

- йил якунига қадар 20 та қўшимча замонавий самолётларни олиб келиб, миллий авиация паркини 64 тага етказиш;

- авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 461 тадан 700 тага етказиб, йиллик йўловчи ташишни 7,5 миллионга олиб чиқиш; 

- 1 майдан бошлаб водий – Урганч, водий – Термиз, водий – Бухоро, водий – Самарқанд, Термиз – Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш топширилди. Бунда, авиабилет харажатларининг 25 фоизига субсидия берилади ва бунга 60 миллиард сўм ажратилади.

Умуман, жами маҳаллий рейслар сони 2 баравар оширилиб, 100 тага етказилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Маълумот учун:

2022 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга ошган (5,2 миллион, соҳа экспорти – 1,6 миллиард доллар). 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+