Солиқ тизимининг масъуллари вазифасидан озод этилди
Тизимнинг яна бир қатор мансабдорлари жиддий жазоланди. Бунга эса уларнинг солиқ тўловчилардан фойда солиғини ортиқча ундиргани сабаб бўлган.
Жамият
28 март 2023 йил
Солиқ қўмитаси ортиқча ундирилган фойда солиғи бўйича бўнак тўловлар қайтарилишини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қайд этилган фойда солиғи бўйича ҳолатлар Солиқ қўмитаси томонидан ўрганилди.
Тезкор ўрганиш натижалари танқидий равишда кўриб чиқилиб, қуйидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди:
- биринчидан, ушбу камчиликларга йўл қўйганликлари учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилди;
- иккинчидан, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланди;
- Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланди.
- учинчидан, фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан бюджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгиланди;
- тўртинчидан, қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилди.