Зилзила яна бош кўтаряптими?
Туркия ва унга яқин ҳудудларда яна кучлирок зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Нидерландиялик Франк Ҳугербитс жамоаси ҳам яқин бир неча кунда Туркиянинг марказий ҳудудлари ва унинг атрофида кучли зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Маълумки, 6 февраль куни Туркиянинг ушбу вилоятида 7,7 магнитудали зилзила содир бўлиб, вайронагарчиликларга олиб келганди. Ушбу зилзила сабаб 50 мингдан ортиқ одамлар ҳалок бўлди, мамлакат улкан зарарни кўрди.
Туркманистон ҳукумати ҳам зилзиладан хавотирда. Шу боис зилзила ва бошқа офатлар юз берганда маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун лагерлар ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда 22 март куни Лебап вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, 21 март куни кечқурун Aфғонистоннинг шимоли-шарқида Тожикистон ва Покистон билан чегаралар яқинида 6,5 магнитудали зилзила содир бўлди, уни Туркманистоннинг Лебап вилояти аҳолиси ҳам ҳис қилган.
Маълумотларга кўра, 21 март куни ер силкинишлари кучи 4,8 баллга етган. Зилзила оқибатида қурбонлар ва вайронагарчиликлар бўлмаганига қарамай, мамлакатнинг барча ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган режимда ишлади.
Йиғилишда маъмурий марказдан 8-10 километр узоқликдаги ҳар бир вилоятда 20 гектар майдонда одамларнинг вақтинча яшаши учун ҳудудлар ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори ҳақида маълумот берилди. У ерда чодирлар ва сув идишлари ўрнатилади.
Шунингдек, омборларга озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун жойлар ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистоннинг барча худудларида ҳам сезилди. 23 март куни Тожикистонда содир бўлган зилзила кучи ҳам Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сезилгани ҳақида хабар бергандик.