Бир ойда давлат харидларига оид жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
2023 йилнинг феврал ойида ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижаларига кўра, вазирлик ва идоралар томонидан жами 4,35 трлн сўмлик 77 411 та давлат харидлари амалга оширилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур даврдаги давлат харидларига оид жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан буюртмачиларга 26 та тақдимнома киритилган, шунингдек, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Жумладан, қуйидаги қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган:
“Uzbekistan Airports” АЖ буюртмачилигида 4,3 млрд сўмга жиҳозлар харид қилиш бўйича ўтказилган давлат харидида иштирокчиларга рақобатни чекловчи шартлар киритилган;
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Хоразм ҳудудий филиали буюртмачилигидаги 2,6 млрд сўмга “Темир-бетон устун” харид қилиш бўйича ўтказилган давлат харидида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган;
Тошкент вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигидаги 796 млн сўмга тиббий асбоб ускуналар сотиб олиш бўйича ўтказилган давлат харидида аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаган.
Агентлик томонидан киритилган тақдимнома ва сўровномалар натижасида 12 та давлат хариди бекор қилинган ҳамда 7 та маъмурий иш қўзғатилган.