platina.uz

1 млрд.га келишилган савдо “пишмади”

Навоий ва Андижонда ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Ер гектарига қараб 13 000 доллардан бошланиб 1 млрд сўмгача баҳоланган. Бундай коррупцион ҳолатларда “юқоридаги таниш”лар ёрдами ҳам тилга олинган.
Жамият
24 март 2023 йил
1 млрд.га келишилган савдо “пишмади”

Ер майдонлари савдоси билан боғлиқ бир қанча фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ва ИИВнинг Навоий вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Нурота тумани яшовчи Н.Т. “Ж.Б.” фермер хўжалиги раҳбари Й.Н. билан ўзаро тил бириктириб, хўжаликнинг 80 гектар ер майдонини фирибгарлик йўли билан фуқаро М.Х.га 1 млрд сўмга сотишга келишиб, олдиндан 700 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Шу каби, Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, Нурота туманида яшовчи З.Х. “М.Б.” оилавий корхонаси раҳбари Б.М. билан ўзаро тил бириктириб, ушбу корхонага қарашли ер майдони билан бирга давлат захирасидан яна 16 гектар жами 32 гектар ер майдонини фуқаро Т.К.га 30 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 15 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Избоскан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.У. “У.М.” боғдорчилик фермер хўжалигига қарашли 0,10 гектар ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида фуқаро А.Б.га расмийлаштириб олиб бериши эвазига 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Жомбой туман бўлими томонидан, ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Л.Ж. фуқаро Б.К.нинг ишончига кириб, унга Тайлоқ тумани ҳудудидаги 0,13 гектар суғориладиган ер майдонини 13 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 10 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+