Асакада бир шахс сохта 45 млн сўмни 18 млн сўмга сотмоқчи бўлди
Унинг ёнидан қўшимча 100 минг сўмлик купюрадаги 5 млн сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ҳам олинган.

Андижон вилоятининг Асака туманида яшовчи шахс 200 дона 100 минг сўмлик ва 125 дона 200 минг сўмлик купюрадаги қалбаки 45 млн сўмни 18 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда у қўлга тушган.
Шунингдек, унинг ёнидан қўшимча 100 минг сўмлик купюрадаги 5 млн сўм миқдоридаги қалбаки пуллар ҳам олинган.
Бундан ташқари, унинг уйидан ноутбук, рангли принтер ва бўёқлар ҳамда қоғозлар ашёвий далил сифатида қўлга киритилган. Қайд этилишича, у аввал ҳам шу жиноят билан судланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.