Афғонистонда Наврўз байрамини нишонлаш тақиқланди
“Толибон”нинг эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бўлими Наврўз байрамини Севишганлар куни билан тенглаштирди. Бу ҳақда Sputnik Афғонистон хабар берди.
Қайд этилишича, Дайкунди вилояти Кити туманида ахлоқ полицияси шундай эълон чиқарган. Унда Наврўз байрами Севишганлар кунига тенглаштирилади.
Маълум бўлишича, “Толибон” мусулмонларда фақат иккита байрам: Рўза ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) борлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, “Толибон” хабарида Наврўз исломгача бўлган жаҳолатдан келиб чиққанлиги айтилади.
“Кофирларнинг байрамини нишонлаганлар, улардан бири бўлади. Шунинг учун Кити вилоятида Наврўз байрамини нишонлаганлар шариат бўйича жавобгарликка тортилади”, — дейди “Толибон”нинг ахлоқ полицияси.