platina.uz

Тошкент-Толибон: истиқбол ва муаммолар

Ўзбекистон афғон муаммоси масаласида доимо олтин ўрталиқ, айтиш жоиз бўлса, эҳтиёткорликка риоя қилиб келмоқда, кескин ва қизиққон қарорлар чиқариш ҳамда шошма-шошарлик хислатлари устувор сиёсатдан узоқ турмоқда.

Таҳлил
7 июнь, 20:02
Тошкент-Толибон: истиқбол ва муаммолар
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўзбекистоннинг “Толибон” ҳаракати билан муносабатлари тарихи СССР ва Афғонистон муносабатларининг давоми ҳисобланади.

Бироқ бу муносабатларнинг формати, кўлами ва шакли мустақилликдан сўнг кўп марта ўзгарган. Бу нафақат Ўзбекистон ҳукуматидаги ўзгаришлар, балки “Толибон”нинг ички ва ташқи сиёсатининг ўзгаришлари билан ҳам боғлиқ.

Биринчи “Толибон” ҳокимияти

Мустақиллик аввалида Афғонистонни шунчаки нотинч ҳудуд сифатида кўрган ўзбек ҳукуматининг, аниқроғи, Ислом Каримовнинг сиёсати бу қўшни давлат ва ундаги сиёсий жараёнлардан бир томонлама иҳоталаниш шаклида бўлган.

Бироқ 1996 йил 27 сентябрда “Толибон” пойтахт Қобулни жангсиз маҳв этиб, Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. Ўзбекистон ҳам минтақадаги бошқа давлатлар қаторида урушлар тинчимаётган ушбу диёрга муносабатни ўзгартириш кераклигини англай бошлади.

Гарчи Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати толиблар билан муносабатда айрича қарорлар ва қарашларга эга бўлса-да, умумий мақсад Афғонистондаги можаро оловининг минтақага ўтмаслигини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон эса Россия билан ҳамкорликда Афғонистонда ўзига хос буфер ҳудуд яратишга киришди. Тошкент бунинг учун Афғонистондаги ўзбек миллатига мансуб дала қўмондонларидан фойдаланди. Толибонга қарши ҳарбий-сиёсий кучларни қўллаб-қувватлашга урғу берилди. Ўзбекистон “бахтига” бу дала қўмондонлари, масалан, Абдулрашид Дўстум ҳам аксилтолибон позицияда эди.

Россия ва Тожикистон эса Бурҳониддин Раббоний бошлиқ тожик ҳукумати билан алоқаларни кучайтира бошлади. Бироқ, экспертларнинг айтишича, бундай сиёсат – миллий озчиликларга таяниш алал-оқибат самарасиз ва хато экани маълум бўлди.

1999 йил ўрталаридан бошлаб, Ўзбекистон “Толибон” билан икки томонлама муносабатлар ўрнатиш учун дастлабки амалий қадамларни қўя бошлади.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, ўша пайтда президент Каримовни Афғонистондаги вазият ва бу ўлка билан алоқалар ўрнатишдан кўра, “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” (ЎИҲ) кўпроқ қизиқтирган. Зеро “Толибон” бу ҳаракат билан иттифоқдош бўлган.

Эгизак биноларнинг портлатилиши

2001 йил 11 сентябрда Ню-Йоркдаги эгизак биноларнинг портлатилиши, бу террорчилик актининг асосий раҳнамоси сифатида кўрилган Усома бин Лодиннинг Афғонистон, аниқроғи, “Толибон”дан паноҳ топиши халқаро муносбатлар тизимига бир қанча ўзгаришлар киритди. Афғонистондаги Бомиён буддавий ёдгорлигини портлатган, хорижий фуқароларни гаровга олиб товон пули талаб қилган, ҳукумат ва халқаро миссияларга қарши турли террорчилик актлари уюштирган, йирик террорчи гуруҳ ва шахсларга бошпана берган “Толибон” ҳаракати аксарият давлатлар томонидан террорчи ҳаракат дея баҳоланди ва бу мақом миллий қонунлар билан белгилаб қўйилди. Масалан, Россия ва Қозоғистонда ҳам “Толибон” террорчи ташкилот сифатида эълон қилинди ва у билан алоқалар жиноий таъқиб учун асос ҳисобланди. Бироз олдинроқ кетиб айтилса, фақат 2024 йилга келибгина Россия толибларни бу мақомдан чиқариш учун ҳаракат бошлади. Қозоғистон эса 2024 йил июн ойида бу ҳаракатни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди.

2001 йил 11 сентябр воқелари ортидан АҚШ, Буюк Британия ҳамда бир неча иттифоқдош давлатлар БМТ мандатини олган ҳолда глобал аксилтеррор ҳарбий коалиция таркибида Афғонистонга қўшин киритди. Энг асосий нишон эса, табиийки, “Толибон” ҳаракати эди. Коалиция ўзбек ва тожик дала қўмондонларидан иборат “Шимолий алянс” билан иттифоқчиликда “Толибон”ни ағдаришга муваффақ бўлди. Афғонистоннинг янги ҳукумати тузилди.

Албатта “ҳўл-қуруқ баравар ёнган” шароитда “Толибон” билан алоқаларни давом эттириш ҳақида гапириш ортиқча эди. Бироқ Ўзбекистон Афғонистон билан боғловчи энг қулай қуруқлик йўлига дохил давлат сифатида Халқаро коалицияга билвосита ёрдам берди. Ҳарбийлар ва ҳарбий техникалар логистикасининг самарадорлигини таъминлади.

Ҳатто Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларидаги ҳарбий базалар ҳудуди АҚШ (Хонобод шаҳрида) ва Германия (Термиз шаҳрида) ҳарбий кучлари учун ижарага берилди. Хусусан, 2001 йил 7 октябрда имзоланган икки томонлама келишувга мувофиқ, Қаршига яқин Хонобод шаҳридаги авиабаза ҳудудига АҚШ ҳарбий авиабазаси (америкаликлар талқинида – К-2 базаси) жойлаштирилди. АҚШ бу ерда сезиларли реконструкция ўтказиб, йилига 10 млн. доллар тўлай бошлади.

(Бу база 2005 йилда Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ёпилди. Шу йили октябр ойида бу база Қирғизистоннинг Манас шаҳрига кўчирилди. 2005 йил 21 ноябрда АҚШнинг охирги самолёти Хонободни тарк этди.)

Иккинчи тўлқин

Бу даврда “Толибон” ҳаракати жангариларининг қолган-қутганлари партизанлик ҳаракати сифатида фаолиятини давом эттира бошлади. Айрим “Толибон” жангарилари ҳам асосан пуштунлар минтақа, ҳукумат ва чегара назорати жуда суст бўлган Покистоннинг Вазиристон вилоятига қочиб ўтишди. Зеро, 2000 йиллардан бошлаб Вазиристон толиблар учун таянч минтақа вазифасини ўтай бошлаган. Улар маҳаллий оқсоқоллар ва қабила бошлиқларини сиқиб чиқариб, 2004 йилда амалда маҳаллий ҳокимият эгаларига айланиб олишди. Покистон армиясининг ожизлигидан фойдаланган толиблар ўзаро урушларда ғолиб чиқиб, 2006 йил 14 февралда Покистон ҳудудида Вазиристон Ислом Амирлиги (ВИА) тузилганини эълон қилишди ва бу ерда шариат аҳкомлари асосида ҳукм суришлари ҳақида Покистон ҳукуматини хабардор этишди. Ҳукумат бунга мажбур рози бўлди. (Бироқ ВИА квазидавлати ҳеч бир мустақил давлат ҳамда БМТ аъзолари томонидан тан олинмаган ва халқаро ҳамжамият уни ҳамон Покистон ҳудуди дея тан олади.)

2009 йилдан бошлаб толибларнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари яна авж олди. 2014 йил март ойига келиб, улар амалда Афғонистоннинг 70 фоиз ҳудудини назорат қилаётган эди.

Ўзбекистон ҳукумати де-факто Афғонистонни бошқараётган “Толибон” билан алоқаларни тиклаш учун ҳаракат қила бошлади. Чунки Ўзбекистоннинг энг яқин денгизга – Покистон ва Эрондаги денгиз портларига чиқиш йўллари Афғонистондан ўтади. Нафақат хавфсизлик, балки иқтисодий манфаатлар ҳам кимлигидан, легитим ёки легитим эмаслигидан қатъи назар, амалдаги сиёсий қудрат эгаси билан алоқаларни тиклашни талаб қилар эди.

2018-2020 йиллар “Толибон” вакилларининг музокаралар учун ташаббусларига бой давр бўлди. Бироқ, Ўзбекистон учун энг аҳамиятли воқеа – 2018 йил март ойида Тошкентда ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик, ва минтақавий муносабатлар” форумининг ўтказилиши бўлди.

Шунингдек, 2021 йил июл ойида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Чақириқлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражали анжуман натижалари ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдорлигини кўрсатиб берди. Бунинг бир неча сабаблари бор эди.

Аввало, Афғонистон Ўзбекистон саноатининг бир қатор йўналишлари учун муҳим бозор, қолаверса, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Форс кўрфази ва Ҳинд океани ҳавзасидаги давлатлар билан алоқа ўрнатишдаги восита сифатида кўрила бошлади.

Зеро, бу даврга келиб (2016 йилдан бошлаб), Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш стратегияси ўзгарди: мамлакат иқтисодиётнинг импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш моделидан – экспортга йўналтирилган иқтисодиёт моделига ўта бошлади.

Йиллар ўтиб, “Толибон” амалда расмий Қобул юрисдикцияси таъсир қилмайдиган барча ҳудудларни қўлга олгач, 2021 йил 15 августда пойтахт Кобулни ҳам эгаллади. Бутун дунё тан олган ва ҳамон тан оладиган Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани самолётда хорижга қочиб кетди ва қувғиндаги ҳукумат бошлиғи мақоми билан шу йили 18 августда БААдан сиёсий бошпана олишга муваффақ бўлди. Ҳукумат, армия ва полиция ҳам ўз-ўзидан тарқалиб кетди. Айримлари “Толибон” сафига ўтди. Шимолий алянс раҳбарияти ва аскарлари Ҳайратон кўприги орқали Ўзбекистонга қочиб ўтишга уринишди. Афғонистон Ҳарбий ҳаво кучларининг айрим учувчилари парвоз аппаратлари билан бирга Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига учиб ўтишга мажбур бўлди. Кейинчалик толиблар бу авиатехникаларни қайтаришни талаб қилди. АҚШ рози бўлмасликка чақирди. Ўзбекистон бу учиш аппаратлари АҚШники эканини айтиб, уларни қайтаришдан бош тортди. Бу масала Ўзбекистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасидаги муносабатлар бир қадар совуқлашувига олиб келди.

Шунга қарамасдан, айни йилнинг август ойида Ўзбекистон 150 нафар афғонистонлик қочқинни “Толибон”нинг хавфсизликни таъминлаш кафолати остида уларга қайтарди.

2021 йил 31 августдан бошлаб АҚШ ҳарбий кучлари ўз ҳарбий операцияларини якунлаб, Афғонистондан чиқиб кета бошлади. “Толибон” ҳаракати амалда Афғонистоннинг ягона эгасига айланди.

Албатта, тан олиш керак, де-факто Афғонистонни бошқараётган толиблар билан муносабатларда Ўзбекистон Туркманистон, Хитой, Покистон, Қатар, Туркия, Эрон ва Россиядан кўра босиқроқ сиёсат юритди. Хусусан, Тошкент “Толибон” дипломатларини ҳатто chargé d'affaires (фр. ишончли вакил – дипломатик ваколатхона бошлиғининг дипломатик лавозими) мартабасида ҳам аккредитация қилишдан тийилиб келмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг толиблар Кобулни эгаллаши арафасидаги позицияси - ҳарбий-чегара хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Афғонистондаги ҳар икки етакчи ҳукумат – Афғонистоннинг халқаро тан олинган расмий ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати билан параллел равишда мулоқотларни давом эттиришида намоён бўлди.

Жумладан, 2021 йил июл ойида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Чақириқлар ва имкониятлар” конференцияси майдончасида Афғонистонда барқарорлик масаласида АҚШ, Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат янги музокаралар гуруҳи ташкил этилиши эълон қилинди.

Бироқ ўтган давр мобайнида АҚШ ташаббуси ҳеч бир тарзда амалга татбиқ этилмади. Чунки уларда аввал бошдан Афғонистондаги ўзгарувчан вазият инобатга олинмаган эди. Ўзбекистон АҚШнинг С5+1 лойиҳасида (Марказий Осиё давлатлари + АҚШ) иштирок этиши – ташқи сиёсатда жаҳон сиёсий таъсир марказлари билан бирдамлигини намойиш учун керак эди холос.

2021 йил 17 август куни Ўзбекистон ТИВ Афғонистон бўйича “Афғонистон ичидаги кучларнинг инклюзив ҳукуматни шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз”, дея расмий баёнот берди. Ҳукумат транзити тинч йўл билан амалга ошишига умид билдирди. Бу даврда Ўзбекистоннинг тегишли тузилмалари ва “Толибон” ўртасидаги аксилтеррор ҳамкорлик борасидаги айрим воқеалар ҳам диққатга сазовор.

Масалан, 2022 йил август ойида Термиз ҳудудига Афғонистон томонидан ракеталар отилди. ИШИД (“Ислом давлати”) уюштирган дея талқин этилган ушбу вазият юзасидан Тошкент ва “Толибон” биргаликда текширув ўтказишди ва бундан кейин бу каби ҳолатлар юз бермаслиги учун тегишли чоралар кўрилди. Зеро, 2015 йилдан бошлаб то ҳозиргача “Толибон” Афғонистонда ИШИД фаолиятига қарши тура олувчи ягона куч бўлиб қолмоқда. Ўша пайтларда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов: “Биринчидан, бир нарсани тушуниб етишимиз керакки, Афғонистондаги инқирознинг ҳарбий ечими йўқ. Иккинчидан, Афғонистон Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисмига айланди. Учинчидан, Афғонистондаги тинчлик жараёни юзасидан ягона мантақавий ва халқаро қарорга келиш лозим” дея баёнот бергани ҳам Тошкентнинг ўша даврдаги позициясини кўрсатиб бера олади.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар

Дипломатик йўналишда Ўзбекистоннинг позицияси тобора аниқлашиб, яхлит тизим сифатида шаклланиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистон томони Афғонистон давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламлари тамсил этилишини, шунингдек, асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари таъминланиши тарафдори эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, Тошкент Афғонистонни халқаро иҳоталаш ғоясига қарши турди. Жумладан, Афғонистоннинг хориждаги молиявий активлари музлатиб қўйилишини маъқулламади ва бу пуллар Афғонистонга қайтарилиши тарафдори эканини таъкидлади. Бундай қадам афғон диёрида иқтисодий тикланиш ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал этишга хизмат қилишига умид билдирди.

Умуман олганда, Ўзбекистон афғон муаммоси масаласида доимо олтин ўрталиқ, айтиш жоиз бўлса, эҳтиёткорликка риоя қилиб келмоқда, кескин ва қизиққон қарорлар чиқариш ҳамда шошма-шошарлик хислатлари устувор сиёсатдан узоқ турмоқда. Шунингдек, Тошкент амалдаги афғон ҳукуматини, яъни “Толибон”ни тан олиш тарафдори бўлганини ҳам таъкидлаш лозим. Жумладан, Хитойда 2022 йилда 30-31 март кунлари минтақа давлатларининг вакиллари иштирокида ўтган учрашувда ўзбек томони вакили Сардор Умурзоқов Афғонистондаги муваққат ҳукуматни халқаро тан олишнинг самарали механизм ва мезонларини ишлаб чиқиш бўйича салмоқли таклифларини ўртага ташлаган эди. Бундай қадам Афғонистоннинг минтақа ва халқаро ҳамжамиятга интеграциясини тезлатиши эътироф этилди.

Эврилиш учун вақт керак

Айтиш жоизки, гарчи халқаро ҳамжамият ва Марказий Осиё минтақаси давлатларининг “Толибон” билан алоқалари ягона стартегик мақсад – Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу минтақадан террорчилик, наркотиклар ва қурол савдоси каби турли хавфлар эҳтимолини бартараф этиш билан ифодаланса-да, ҳар бир давлатнинг ўз манфаат ва мақсадлари ҳам мавжуд. Табиийки, бу давлатларнинг “Толибон” билан муносабатларида устуворлик иерархияси ҳам аввало ана шу манфаатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Қиёслаш ўрнида айтилса, Қозоғистон учун Афғонистон – дон ва ун маҳсулотлари учун ўта муҳим бозор ҳисобланади. Шунингдек, худди Ўзбекистон каби Россия ва Хитойдан товарларни ўтказиш учун транзит вазифасини ўташи билан ҳам диққатга сазовор. Қолаверса, Қозоғистон Кобулдаги элчихонасини ҳеч қачон ёпмаган ва 2021 йилдаёқ “иккинчи” толиблар ҳукумати билан иқтисодий алоқаларни ўрнатган давлат ҳисобланади. Яқинда эса Қозоғистонда “Толиблон” ҳаракати террорчилар рўйхатидан чиқарилгани ҳам ушбу давлатнинг узоқни кўзлаган ҳолда сиёсат юритаётганидан дарак беради.

Туркманистоннинг “Толибон” билан алоқалари уникал ҳисобланади. Туркманистон толибларни тан олмаган ҳолда 2021 йилдан бери улар билан алоқаларни ривожлантиришнинг уддасидан чиқмоқда. Қолаверса, Туркманистон Тошкентдан фарқли ўлароқ, ҳеч қайси даврда “Толибон”га сиёсий-ҳарбий кучларни қўллаб қувватламаган.

Гарчи Ашхобод Ўзбекистон каби кенг кўламли иқтисодий манфаатларни кўзламаса-да, айрим йирик лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирган. Шулардан бири Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ ўтказиш қувури лойиҳаси бўлиб, 2017 йилда уни ишга тушириш режалаштирилган бўлса-да, амалга ошмай қолди. Шунингдек, Эроннинг Чорбаҳор бандаргоҳига чиқиш мақсад қилинган Кушка-Ҳирот темир йўли ҳамда кўпгина бошқа энергетик тизимлар билан боғлиқ лойиҳаларни мисол келтириш мумкин.

Тожикистон эса “Толибон” билан муносбатларда нисбатан “совуқроқ” позицияни эгаллаб келмоқда. Шундай бўлса-да, Тожикистон Афғонистонга электр энергиясини сотишни тўхтатмаган.

Тан олиш жоиз, шу пайтгача “Толибон” Тошкентни хурсанд қила оладиган қадамлар қўймоқда, деб бўлмайди. Афғонистонда ўзбек тилидан давлат тили мақоми олиб ташлангани, мактабларда ўзбекча таълим тақиқлангани, ҳукуматда ўзбек қатламини тамсил этувчи вакиллар йўқлиги, Алишер Навоий хотирасига ўрнатилган маданий ёдгорликларнинг йўқ қилингани ва бошқа бир қатор кичик, аммо дилни хира қилувчи эпизодлар фикримиз исботидир.

Бироқ айни шароитда Ўзбекистон ва “Толибон” ўртасида етилиб келаётган энг катта инқироз – бу сув танқислиги масаласи ҳисобланади. Толиблар Амударё сувининг 20 фоизини олиб қўядиган Қўштепа каналини қургани томонлар ўртасидаги муносабатлар ривожига таъсир этмасдан иложи йўқ. Айрим экспертларнинг баҳолашича, бу муаммо борасида толиблар ҳукумати қайсарлик ва айтиш жоиз бўлса, менсимаслик белгиларини намоён этмоқда. Сув бўйича минтақавий ва халқаро музокараларда “Толибон” томони конструктив таклифлар бера олмаяпти, қўшни давлатларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмаяпти. Зеро шундай ҳам сув танқислигидан қийналаётган Ўзбекистон бу канал боис катта муаммоларга юз тутиши прогноз қилинмоқда.

Қўштепа канали: муаммога ечим борми? Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбат

Шу боис, Тошкент ва “Толибон” ўртасидаги муносабатларни яқин келажакда катта “сюрприз” кутяпти, деб бўлмаса-да, айрим бурилишлар ясалиши эҳтимолга яқинроқ. Бироқ бундан-да оғир вазиятларда ҳам босиқлик билан оқилона қарорлари орқали йўл топа олган Тошкент дипломатияси бу инқирозда ҳар икки томон учун мақбул ечимни таклиф этишига ҳеч шубҳа йўқ.

Қолаверса, табиатда ҳамма нарса эвирилишга, ўзгаришга ва мослашувга маҳкум. Фақат бу жараёнлар айрим “нарса”лар учун кўпроқ вақтни талаб қилиши мумкин. Юқорида кўрсатилгандек, 2000-йиллардаги “Толибон” билан ҳозирги толиблар ўртасидаги фарқ жуда катта. Бу эса ҳозирча ғалаба эйфориясидан маст бўлиб турган, ҳамма нарсани уруш ва зўравонлик билан ҳал қила олишига ишончи баланд толиблар ҳам вақт ўтиши ва тегишли таъсирлар остида ўзгаришини англатади. Зеро, иҳоталаниш ва хўрозланиш кўпинча мағлубиятга элтади, муваффақиятга эмас. “Толибон” буни англаб етиши учун бироз вақт ва ҳаётий тажриба талаб этилади холос.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+