Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигидаги “таниш-билиш”чилик фош этилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан олиб борилган мониторинг натижасида Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги буюртмачилигида аёллар дафтарида турган фуқароларга тикув машиналари харид қилиш юзасидан 2023 йил 13 феврал куни ўтказилган 200 млн сўмлик давлат харидида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, мониторинг натижалари давлат харидида иштирок этган 3 та талабгорлардан 2 таси бир шахсга тегишли эканлиги, яъни ўзаро аффилланганлиги ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди.
Шунингдек, ушбу харидда иштирок этган 3 та тадбиркорнинг ҳужжатлари ҳам махсус электрон платформага буюртмачига тегишли компьютердан фойдаланилган ҳолда юкланганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш учун Самарқанд вилоят ҳокимлигига сўровнома киритилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан 2023 йил 27 феврал куни Агентликка тақдим этилган хатга кўра, Агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган ҳамда ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган харид комиссиясининг раисига нисабатан маъмурий, бир нафар комиссия аъзосига эса интизомий жавобгарлик қўлланилган.