Андижонда еттита ҳоким огоҳлантирилди
Уларнинг ижро интизоми бўйича масъул бўлган ўринбосарларига эса ҳайфсан интизомий жазоси берилган.

Андижон шаҳар, Избоскан, Асака, Хўжаобод, Шаҳрихон, Пахтаобод ва Андижон туманлари ҳокимлари огоҳлантирилди. Уларнинг ижро интизоми бўйича масъул бўлган ўринбосарларига ҳайфсан интизомий жазоси берилди.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши қарорида айтилади.
Қарор вилоят Халқ қабулхонаси мудири М.Хўжамбердиевнинг мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича ахбороти бўйича чиқарилган. 2024 йилда президент қабулхонаси ва бошқа идораларга 91 мингдан ошиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 642 тасида муддатлар бузилган.
Айниқса, Андижон шаҳар (70 та) Избоскан туман ҳокимияти (33 та), Асака (23 та), Хўжаобод тумани ҳокимияти (17 та), Шаҳрихон (17 та), Пахтаобод (14 та) ва Андижон тумани ҳокимияти (11 та) томонидан муддатлар кўп бузилган.
Кенгаш қарорига кўра ҳоким ўринбосарларида ташқари, Маҳаллалар уюшмаси Андижон шаҳар, Асака, Балиқчи туманларининг бўлимлари
раҳбарларига, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ижро интизоми бўйича масъул бўлган ўринбосарига, Асака, Шаҳрихон тумани Тиббиёт бирлашмалари раҳбарларига, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғининг ижро интизоми бўйича масъул бўлган ўринбосарига ҳамда Андижон шаҳар бўлими раҳбарига ҳам чора кўрилиши белгиланган.
Вилоят прокуратураси (М.Абдухакимов), Соғлиқни сақлаш бошқармаси
(Ш.Мамажонов), Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси (А.Ахмадалиев),
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ (С.Юсупов), Маҳалла уюшмаси вилоят бошқармаси
(М.Нишанов), Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (Д.Исомиддинов),
Андижон шаҳар, Избоскан, Асака, Хўжаобод, Шаҳрихон, Пахтаобод, Андижон тумани
ҳокимлари муддатлар бузилишига йўл қўйганликлари сабабли учун огоҳлантирилди.
Уларга муаммони ўрганиб, ҳал этиш топширилган.