Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига сайланди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига эса Фарҳод Эрманов номзоди тасдиқланди.
Аманбаев Оринбай Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси этиб сайланди.
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессияси бошланди.
Айтиш жоиз, 30 октябрь куни эълон қилинган Жўқорғи Кенгесга сайлов натижаларига кўра, депутатлар таркиби 63 фоизга янгиланди.
Кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги сиёсий партиялар фракцияларини рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Бундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг биринчи сессиясида сайланган Оқсоқоллар кенгашининг мажлиси ўтказилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси лавозимига 57-сонли "Бердақ" сайлов округидан депутат Оринбаев Аманбай Тлеубаевич номзоди тавсия этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан сессияда яширин овоз бериш йўли билан 57-сонли "Бердақ" сайлов округидан депутат Оринбаев Аманбай Тлеубаевич Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси этиб сайланди.
Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.
Бундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига Фарҳод Эрманов номзоди тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда сессияда Ф.Эрманов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси этиб тайинланди.
Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.