Алишер Қодиров Тошкентдаги маданий мерос объектини сақлаб қолиш масаласига эътироз билдирди
Депутатга кўра, рус рассомига тегишли уйнинг бузилишига қаршилик қилиш керак эмас. Қодиров Бобур кўчасидаги 7-уй манзилида жойлашган тарихий уй ҳақида фикр билдирган бўлиши мумкин. Маданий мерос агентлиги миллий маданиятимизга диққатини, эътиборини қаратиши керак, дейди у.

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган маданий мерос объектини сақлаб қолиш масаласига эътироз билдирди.
Бу ҳақда депутат Инстаграм саҳифасидаги видеода гапирган. Қодиров бинонинг Ўзбекистон миллий маданияти учун аҳамиятини савол остига олди.
“Тошкент шаҳрининг ўртасида битта эски, қанақадир бузиб ташласа ҳам бўладиган бинони маданий мерос сифатида атрофига қўриқлаб, судга бериб, жанжаллашиляпти. Ҳеч кимга керак эмас, бир рус рассомининг қанақадир уйи экан у. Олиб кетишингиз керак уни, бизга нима кераги бор унинг? Бизга қанақа қадрияти бор унинг, маданий мерос сифатида? Қанақа аҳамияти бор? Шоҳизинданинг олдида мингдан бирига тўғри келадими? Ким рассом бўлишидан қатъи назар”, деди депутат.
Унинг фикрича, Маданий мерос агентлиги биринчи навбатда миллий маданиятга эътибор қаратиши керак.
“Агентлик умуминсоний қадриятлар агентлиги эмас, миллий маданиятимизнинг агентлиги. Агентлик биринчи ўринда миллий маданиятимизга диққатини, эътиборини қаратиши керак”, деди Қодиров.
ОАВ талқинига кўра, Қодиров Бобур кўчасидаги 7-уй манзилида жойлашган тарихий уй ҳақида фикр билдирган бўлиши мумкин.
Маданий мерос агентлиги 8 сентябр куни мазкур уйдаги моддий маданий мерос объектини сақлаш масаласи юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилганди.
Агентлик маълумотига кўра, мазкур бино моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида. 2020 йилда агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши бинони Моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш масаласини маъқуллаган. 2021 йилда эса объектни Миллий рўйхатдан чиқариш бўйича таклиф рад этилган.
