"Бобур кўчасидаги уйга бюджетдан пул сарфланмаган": агентлик яна Алишер Қодировга жавоб берди
Аввалроқ депутат Маданий мерос агентлигини миллий мерос бўйича қайғурмасликда айблаганди. Шунингдек, Миздаҳкон, Шоҳи Зинда, Бухородаги Қуръон қўлёзмаси ва Мингтепа бўйича ҳозир оммавий тарзда кўтарилаётган масалалар бўйича ҳам изоҳ берилди.

Сўнгги кунларда “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров томонидан Маданий мерос агентлиги фаолияти, айрим маданий мерос объектларининг ҳолати ва уларга давлат томонидан кўрсатилаётган муносабат юзасидан бир қатор баёнотлар билдирилди.
Маданий мерос агентлиги Алишер Қодиров томонидан тилга олинган ҳар бир масала бўйича маълумот берди.
А.Қодиров томонидан “Сармишсой” музей-қўриқхонасидан ташқари тилга олинган бир қатор объектлар бўйича ҳамда айнан у кўтарган масалалар юзасидан Агентликка партия ёки фракция номидан аввал расмий депутатлик сўрови келиб тушмаган.
Жумладан, Сармишсой бўйича “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари А.Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан 2025 йилда Навоий вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонасининг ҳолати алоҳида ўрганилган.
Миздаҳкон, Шоҳи Зинда, Бухородаги Қуръон қўлёзмаси ва Мингтепа бўйича ҳозир оммавий тарзда кўтарилаётган масалалар юзасидан аввал расмий депутатлик сўрови бўлмаганига қарамай, Агентлик ушбу масалалар бўйича ҳам жамоатчиликка батафсил маълумот бермоқда.
Сармишсойда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш ва туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан 4,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан:
- 2 та кириш дарвозаси;
- ахборот марказлари;
- петроглифларга олиб борувчи 2,5 км пиёда йўлаги;
- 5 та соябон;
- автотураргоҳ;
- қуёш энергиясида ишловчи тунги ёритиш тизими;
- видеокузатув камералари;
- кузатув бинокллари;
- бошқа зарур инфратузилма объектлари ташкил этилган.
Бундан ташқари, Агентлик жамғармаси маблағларидан яна 1,2 млрд. сўм ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан ташриф буюрувчилар маркази ва дара бошланиш қисмида назорат пункти ташкил этилмоқда.
Ҳудудда:
- 2 та замонавий қўриқлаш пости;
- видеокузатув;
- доимий мониторинг;
- ички ишлар органлари билан ҳамкорлик;
- дронлар;
- алоқа ва муҳофаза воситалари жорий этилган.
Қуёш панеллари ўрнатиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани янада такомиллаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.
Шундай экан, “Сармишсойга миллиардлаб маблағ сарфланди, аммо Агентлик ҳеч қандай иш қилмади” деган хулоса амалга оширилган ишлар ва ажратилган маблағлар билан тасдиқланмайди.
Агар ҳудуднинг айрим қисмларида камчиликлар мавжуд бўлса, Агентлик уларни яширмайди.
Лекин мавжуд камчиликларни санаб ўтиш бошқа, амалга оширилган ишларни инкор қилиш эса мутлақо бошқа масала.
Миздаҳкон мажмуаси ҳам давлат муҳофазасидан четда қолган эмас.
2017 йилда давлат бюджетидан 800 млн. сўм маблағ ажратилиб, Мазлумхон Сулув, Мадаминхон, Қирқ чўпон ва Шомун Набий мақбараларида таъмирлаш-реставрация ишлари амалга оширилган.
2024 йилда Мазлумхон Сулув мақбарасига яна 290 млн. сўм маблағ йўналтирилган. Мақбара атрофида ҳимоя тўсиғи ўрнатилган.
Ражаб Халифа масжид-мақбарасида консервация ва археологик тадқиқотларни амалга ошириш учун 80 минг АҚШ доллари миқдорида грант жалб қилинган.
Шунинг учун Миздаҳкон бўйича “Агентлик бу объект билан шуғулланмаяпти” деган таассуротни мавжуд ҳужжатлар ва амалга оширилган ишлар билан асослаб бўлмайди.
Шоҳи Зинда мажмуасининг кириш пештоқи 2022–2023 йилларда Польша мутахассислари иштирокида ўрганилган.
Тадқиқотлар давомида объектнинг вертикал ўққа нисбатан оғиши аввалдан мавжуд экани аниқланган:
- чап томонда — 46 см;
- ўнг томонда — 31 см.
Энг муҳим жиҳат — объект қайта ўлчинган.
Қиёсий ўлчовларда янги сезиларли деформация аниқланмаган.
Аксинча:
- чап томондаги оғиш 4 ммга камайган;
- ўнг томондаги оғиш тахминан 8 ммга камайган.
Демак, “Шоҳи Зинда оғиб кетяпти” деган хавотирни янги деформация сифатида талқин қилиш мавжуд техник ўлчовларга мос келмайди.
Объектнинг техник ҳолати визуал таассурот билан эмас, муҳандислик мониторинги, инструментал ўлчов ва илмий экспертиза асосида баҳоланади.
Йўл ҳаракати таъсири бўйича ҳам асосланган техник маълумот мавжуд бўлса, Агентлик уни ўрганишга тайёр.
“Бухоро” давлат музей-қўриқхонасида сақланаётган Қуръон қўлёзмаси музей фондларини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда Арк қўрғонининг биринчи қаватидаги фонд сақлаш хонасида сақланмоқда.
Шу сабабли қўлёзмани “талабга жавоб бермайдиган омборга ташлаб қўйилган” деб ифодалаш амалдаги сақлаш тартибини акс эттирмайди.
Бироқ Агентлик бу масалада “ҳаммаси жойида” деб муаммони ёпиб қўйиш позициясида ҳам эмас.
Қўлёзманинг ҳолатини барқарорлаштириш, уни консервация қилиш ва зарур реставрация ишларини илмий асосда ташкил этиш мақсадида халқаро мутахассислар жалб этилмоқда.
Жумладан, қоғоз ва пергамент материалларини консервация ва реставрация қилиш бўйича мутахассис Аксель Делони жалб қилиниш режалаштирилган.
У 2023 йилда Ўзбекистон–Франция ҳамкорлиги доирасида Катта Лангар Қуръонининг айрим саҳифаларини реставрация қилиш ишларида ҳам иштирок этган. 2026 йилдаги миссияни ташкил этиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Мингтепа — Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган, Довон давлати тарихи билан боғлиқ муҳим археологик ёдгорлик. Объект Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарори асосида миллий рўйхатга киритилган. Бироқ Мингтепа атрофидаги ер муносабатлари бу қарордан анча олдин шаклланган.
Хусусан, Марҳамат тумани ҳокимининг 2006 йил 19 майдаги 163-К-сон қарори билан айрим ер майдонлари боғ ва узумзорлар ташкил этиш учун ажратилган.
Жумладан:
- 1,12 гектар ер майдони фуқаро Г.Бўроновга 50 йил муддатга 40547-сон шартнома асосида ижарага берилган;
- яна 26 гектар ер майдони 21 нафар фуқарога ажратилган.
Бу фактлар муҳим. Чунки 2006 йилдаги ер муносабатларини гўёки 2019 йилда ёдгорлик миллий рўйхатга киритилгандан кейин Агентлик томонидан йўл қўйилган ҳолат сифатида кўрсатиш воқеалар хронологиясини бузиб кўрсатиш бўлади.
Шу билан бирга, объект муҳофаза мақомига киритилгандан кейин Агентлик ва ҳудудий маданий мерос органлари томонидан тегишли чоралар кўрилган.
2020 йил 19 августдаги 01-06/778-сон хат билан Марҳамат тумани ҳокимлигига боғ ва узумзорлардан фойдаланувчиларга муқобил ер ажратиш масаласида амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.
Ёдгорлик ҳудудида қишлоқ хўжалиги ишларидан фойдаланган 22 нафар фуқарога огоҳлантириш берилган.
Ҳозирда ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, Мингтепани муҳофаза қилиш ва музейлаштириш учун давлат маблағлари ҳам йўналтирилган:
- 2024 йил — 1,2 млрд. сўм;
- 2025 йил — 1,2 млрд. сўм;
- жами — 2,4 млрд. сўм.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Самарқанд археология институти ва Фарғона давлат университети мутахассислари тадқиқотларга жалб қилинган. Маданий қатламлар асосида ёдгорлик чегаралари аниқланмоқда. Ноқонуний эгалланган ерлар аниқланиб, ёдгорлик ҳудудига киритилмоқда. Муҳофаза чоралари күчайтирилмоқда.
А.Қодировнинг “қайсидир рус рассомининг уйи” мазмунидаги баёноти жамоатчиликда объектнинг ҳуқуқий мақоми ва тарихий қиймати ҳақида нотўғри таассурот уйғотиши мумкин. Бобур кўчаси, 7-уй 1935 йилда қурилган.
Бино Тошкентда фаолият юритган таниқли меъмор Алексей Викторович Щусев номи билан боғлиқ.
Турли йилларда ушбу бинода Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига ҳисса қўшган олим ва профессорлар яшаган.
Объектнинг маданий мерос сифатидаги мақоми эса кимнингдир миллатига қараб эмас, унинг тарихий, меъморий ва маданий қиймати асосида белгиланган.
2020 йилда Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши объектни Миллий рўйхатга киритишни маъқуллаган. 2021 йилда объектни Миллий рўйхатдан чиқариш масаласи кўриб чиқилган ва рад этилган.
Бино ҳозир ҳам давлат муҳофазасида турибди.
Шу билан бирга, мазкур объектга республика бюджети ҳисобидан шу күнга қадар маблағ сарфланмаган.
Яъни жамоатчиликка “Агентлик давлат маблағларини қайсидир рус рассомининг уйини сақлашга сарфлаяпти” деган таассурот бериш мавжуд молиявий маълумотларга мос келмайди.
Бундан ҳам муҳимроғи: Агентлик мазкур объектнинг сақланишини таъминлаш масаласида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига расмий мурожаат қилган.
Мурожаатда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 октябрдаги 1550-сон қарорига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда объектнинг бузилиши ёки шикастланишининг олдини олиш чораларини кўриш сўралган.
Бу ерда принципиал нуқта бор. Тарихий обидани ким яратгани эмас, унинг инсоният ва жамият учун тутган ўрни маданий мерос сифатидаги мақомини белгилайди.
Ўзбек, рус, тожик, европалик ёки бошқа миллат вакили бунёд этган бўлишидан қатъи назар, тарихий объект маданий мерос бўлиб қолаверади. Чунки маданий мерос — бу халқларни ажратувчи эмас, уларни боғловчи қадриятдир, дейилади агентлик баёнотида.
2026 йил биринчи ярмида реставрация, таъмирлаш, реконструкция ва археологик тадқиқотларга 79,4 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Шундан 77,6 млрд. сўм — 97,7 фоизи ўзлаштирилган.
60 та маданий мерос объектини реставрация ва таъмирлаш бўйича шартномалар тузилган. Мазкур объектлар фақат совет даврида барпо этилганларни ташкил қилмайди.
28 та объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
39 та объект бўйича ижобий экспертиза хулосалари олинган.
Ишлар:
- Жиззах;
- Самарқанд;
- Тошкент;
- Сурхондарё;
- Андижон;
- Хоразм;
- Сирдарё;
- Фарғона вилоятлари;
- Тошкент шаҳри ҳудудларида олиб борилмоқда.
Демак, Агентлик фаолиятини “қайсидир давр объектларига алоҳида меҳр” деган субъектив таассурот билан эмас, қайси объектда қандай муҳофаза чораси кўрилгани, қанча маблағ сарфлангани ва қандай натижа олингани билан баҳолаш мумкин.
- 4,2 млрд. сўм сарфланган объектга “ҳеч нима қилинмади” дейиш — фактни инкор қилишдир.
- 2,4 млрд. сўм давлат маблағи йўналтирилган Мингтепа бўйича “Агентлик қараб турибди” дейиш — амалга оширилган ишларни четлаб ўтишдир.
- 2022–2023 йилларда халқаро мутахассислар томонидан ўрганилган Шоҳи Зинда ҳолати ҳақида янги деформация бордек гапириш — техник ўлчовларни эътиборсиз қолдиришдир.
- Музей фондида сақланаётган Қуръон қўлёзмасини “омборга ташлаб қўйилган” деб аташ — амалдаги сақлаш тартибини нотўғри талқин қилишдир.
- 2006 йилдаги ер муносабатларини 2019 йилдаги маданий мерос мақоми билан аралаштириш — воқеалар хронологиясини бузишдир.
- Бобур кўчаси, 7-уйни “рус рассомининг уйи” деб аташ — объектнинг тарихий ва маданий қийматини унинг миллатига боғлашдир.
Бобур кўчаси, 7-уйнинг Тошкент тарихий шаҳар муҳитининг шаклланишидаги ўрни, ўз даврига хос меъморий қиёфаси, безак элементлари ва XX аср меъморчилиги анъаналарини акс эттириши — унинг тарихий-маданий аҳамиятини белгиловчи асосий омиллардир.
Шу боис мазкур объектни “рус рассомининг уйи” деган таъриф билан чеклаш — унинг ҳақиқий тарихий ва меъморий қийматини торайтириб кўрсатишдир, дея хулоса қилинади Маданий мерос агентлиги маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Қодиров мазкур уй ҳақида фикр билдириб, уни "ҳеч ким керак эмас" деб тарифлаганди. Кейинчалик Маданий мерос агентлиги унга жавоб қайтарганди.
