Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади
Қатнов келаси йил март ойидан йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.

Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилади.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бўзатовда замонавий санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғуруқхона ишга туширилди. Амударё ва Тўрткўлда ҳар бири 2 минг ўринли амфитеатр, Нукус шаҳрида гимнастика маркази ва Консерватория филиали фойдаланишга топширилди.
Осиё тараққиёт банки билан 384 миллион доллар ҳисобига А-380 магистрал йўлининг Қўнғиротдан ўтган 240 километри тўлиқ бетон қопламага ўтказилди. Кеча йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан ўтган яна 92 километрини қуриш бошланди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 233 миллион доллар.
Натижада транзит 1,5 карра ошади. Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига бир сутка ўрнига 10 соатда етиб боради.
Келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.
“Туямўйин” сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан мўйноққа 100 километр ичимлик сув тармоғини тортиш бошланади.
