Президент биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида бешта стратегик таклифни илгари сурди
Биринчи йўналиш ҳамкорликни режалаштиришнинг узоқ муддатли уфқларини шакллантиришни қамраб олади. Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши хавфи ва сунъий интеллект омилларини тилга олди. “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланган узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Сеул шаҳрида биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этди.
Корея Республикаси Президенти Ли Жэ Мён раислигида ўтказилган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси ўртасида хавфсизлик, бир-бирини тўлдириб турадиган амалий ҳамкорлик, гуманитар алмашинувлар каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида Корея Республикаси стратегик жиҳатдан узоқни кўзлаб иш тута олишини намойиш этган ҳолда, Марказий Осиё тимсолида яқин ва ўзаро манфаатли шериклик учун улкан салоҳиятни 2007 йилдаёқ биринчилардан бўлиб кўрганини таъкидлади.
– Биз Корея томонининг мамлакатларимизни саноатлаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга қўшаётган салмоқли ҳиссасини самимий қадрлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу мустаҳкам алоқаларнинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади – улар Буюк ипак йўлидаги карвон йўлларидан бошланган. Мустаҳкам дўстлик замирида ҳаётий қадриятларимизнинг муштараклиги – кекса авлодга чуқур ҳурмат, ҳалол меҳнатни қадрлаш, она заминга меҳр ва садоқат каби асосий ҳаётий қадриятлар мужассам.
– Кўпмиллатли Марказий Осиё оиласининг ажралмас қисмига айланган корейс диаспораси халқларимизнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин рамзидир, – дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.
Бугунги кундаги асосий вазифа – нафақат ҳамкорлик бўйича эришилган суръатни сақлаб қолиш, балки бу муваффақиятларни ривожланишга янада жадал тус бериш учун пойдеворга айлантиришдан иборат экани таъкидланди.
Марказий Осиё ва Корея Республикасининг қудратли салоҳиятларини қўшилиши ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш борасида янги уфқларни очади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича таклифларни илгари сурди.
Биринчи йўналиш ҳамкорликни режалаштиришнинг узоқ муддатли уфқларини шакллантиришни қамраб олади.
– Бугунги замонавий дунёдаги глобал ўзгаришлар суръати давлатларнинг унга мослашиш имкониятидан тобора илгарилаб кетмоқда. Сунъий интеллект меҳнат бозори ва бутун бошли саноат тармоқларини ўзгартирмоқда. Иқлим ва сув билан боғлиқ хавф-хатарлар келгуси бир неча ўн йилликлар учун мўлжалланган ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилади. Таълим, инфратузилма, технология ва инсон капиталига нисбатан янги талаблар пайдо бўлмоқда, – деди давлатимиз раҳбари.
Ушбу таҳдидларга жавобан “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” деб номланган узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини яратиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орақали рақамли келажак хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам умумий эътибор марказида бўлиши лозим.

Иккинчи соҳа савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятларни ягона бизнес мантиғи доирасида бирлаштиришга қаратилган.
– Бугунги кунда Марказий Осиё фақат хомашё етказиб берадиган минтақа эмас. Мамлакатларимиз инновацион ва технологик ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтириб, қўшимча қийматнинг глобал занжирларига фаол қўшилмоқда, – дея таъкидлади Президентимиз.
Саноат ва савдо вазирлари учрашувлари платформасини яратиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Ушбу мувофиқлаштирувчи механизмнинг таъсис этилиши ўзаро савдони сезиларли даражада кўпайтириш учун биргаликда самарали ечимларни топиш ҳамда 2030 йилга бориб минтақа мамлакатлари ва Корея ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш имконини беради.
Саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш доирасида минтақа бозори учун инновацион ишлаб чиқариш базаси бўлиб хизмат қиладиган “Марказий Осиё – Корея” саноат-технологик паркини Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлик билдирилди.
Мамлакатлар ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқалари йўлга қўйилиши иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи экани ва бунга келгуси йили Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Корея учинчи ҳудудлараро форумида барча мамлакатлардан маҳаллий ҳокимлик ва бизнес вакиллари иштирок этиши орқали эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Учинчи йўналиш муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликда янги саҳифа очишга қаратилган.
– Ушбу қимматбаҳо хомашёга бўлган талаб тез ўсиб бораётгани ва унинг Марказий Осиёдаги улкан захираларини ҳисобга олган ҳолда, минтақа жаҳон бозорида етакчи етказиб берувчилардан бирига айланишга қодир, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Шу муносабат билан минтақада ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари – геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган йирик саноат кластерларини ташкил этиш мақсадида муҳим минераллар бўйича Минтақавий инвестиция альянсини шакллантириш таклиф этилди.
Ҳамкорликнинг тўртинчи йўналиши “яшил” тараққиёт ва иқлим ўзгаришига мослашиш эҳтиёжларидан келиб чиқади.
Иқтисодиётларимиздаги бир-бирини тўлдириб турувчи имкониятларни бирлаштириш мақсадида Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга тушириш таклиф этилди.
Бешинчи йўналиш ёш авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда ишлашни назарда тутади.
Марказий Осиё – алоҳида демографик энергияга эга бўлган минтақа бўлиб, аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
– Биз учун ёш авлод илғор билимлар, кўникмалар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имконига эга бўлиб, келгусида замонавий технологик иқтисодиётнинг бир қисмига айланиши жуда муҳим, – дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш таклиф этилди. Бу ҳамкорлик “буюртма – ўқитиш – бандлик” деган аниқ тамойилга асосланиши керак.

Айниқса, сунъий интеллект технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этишда ёшларнинг тутган ўрни жуда муҳим. Шу боис, Президент Ли Чжэ Мённинг “Ўхшаши йўқ Корея” доктринасини ушбу кенг кўламли жараён учун Марказий Осиёдаги асосий таянч майдонлардан бирига айлантириш таклиф этилди.
Якунда Ўзбекистон келгуси йилда Корея Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақамизда яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланган байрам тадбирларини энг юқори даражада ўтказишга тайёр экани таъкидланди.
Саммитда бошқа етакчилар ҳам сўзга чиқди. Тадбир якунлари бўйича Сеул декларацияси ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.
