Президент келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилишни топширди
Бундан ташқари 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида инвесторлар билан ишлаш тизими самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди.
Жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Бироқ айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун ишларни янада жадаллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Инвесторларнинг масалаларини идорама-идора юрмасдан, бевосита жойида ҳал қилиш учун алоҳида иш тизими жорий этилиши белгиланди. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилади.
Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича шу куннинг ўзида асосланган таклифлар тайёрланиб, Президент Администрациясига киритилади. Мазкур тартиб йил охирига қадар алоҳида назоратда ишлайди.
Келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
