Президент раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича йиғилиш бошланди
Ишни тўғри ташкил қилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланаётгани кўрсатиб ўтилди. Айни пайтда қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5,5 минг маҳалладаги масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги танқид қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.
Йил бошида республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 минг нафар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллион нафарни ташкил этмоқда.
Ишни тўғри ташкил қилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланаётгани кўрсатиб ўтилди.
Айни пайтда қолган 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳалладаги масъуллар фаолиятида натижа етарли эмаслиги танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имконият берилганини таъкидлаб, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Йиғилишда жойларда натижа бўлмаётганининг асосий сабаблари таҳлил қилинди.
“Маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар вилоят, туман, шаҳар ва маҳалладаги ходимларга қабул қилинган қарорларни қандай ижро этиш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаётгани қайд этилди.
Айрим раҳбарлар яратилган шароитлардан тўғри фойдаланиш ва “еттилик” фаолиятига холис баҳо беришни билмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Туман ва маҳаллада камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларда ҳижолатлик/ҳадик борлиги, ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаётгани танқид қилинди.
Камбағалликни қисқартириш бўйича 50 йиллик тажрибага эга Хитой ҳам замон талабидан келиб чиқиб, қуйи тизимга доимий равишда аниқ кўрсатмалар бериб бориши таъкидланди.
– Ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилди. Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти, – деди давлатимиз раҳбари.
