Президент АҚШ конгрессменларини қабул қилди
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегациясини қабул қилди.
Учрашув аввалида америкалик қонун чиқарувчилар Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий қутладилар.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда ижобий суръат кузатилаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражада экани, алоқалар ва ўзаро ташрифлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат етакчилари яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошди. Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни илгари суришда АҚШ Конгрессининг муҳим ўрни қайд этилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.
