Тадбиркорлар учун жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади
Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.

Бешинчи йўналиш – бизнесга маъмурий босимни кескин камайтириш. Сўнгги уч йилда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга, ўн йилда яширин иқтисодиёт улуши 50 фоиздан 26 фоизга тушди.
– Иқтисодиётни “соя”дан чиқариш текшириш билан эмас, тадбиркорга йўл кўрсатиб, тўғри ишлашга ўргатиш орқали бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Таҳлил қилинган 5 минг тадбиркорнинг ярмидан кўпида бир йилда 2-3 марта, яна 21 фоизида 4 мартадан солиқ текшируви ўтказилган. Бунга ёнғин, қурилиш, санитария, карантин ва энергия инспекцияларининг такрорий текширувлари ҳам қўшилмоқда.
– Бир нарсани тушуниш керак: хотиржамлик бўлмаган жойда эркинлик ҳам, ривожланиш ва янгиликка интилиш ҳам бўлмайди, – деди Президент.
Шу боис, кичик бизнесда инсон соғлиғи ва бошқа тадбиркорлар манфаатига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай текшириш учун уч йил муддатга мораторий эълон қилинади.
Ўрта ва йирик тадбиркор ўз корхонасини ихтиёрий профилактик аудитдан ўтказса, унинг хулосасини солиқ органи тан олади. Камчиликни бартараф қилган тадбиркор жаримага тортилмайди, бир йилда такрорий текширув эса фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилади.
Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Айрим идораларда жаримадан тушган маблағнинг бир қисми ўзида қолиши “текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди” деган нотўғри ёндашувни келтириб чиқараётгани танқид қилинди.
– Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак,– деди Президентимиз.
Шу боис, барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилади.
Давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорнинг заколат пулини қайтариш автоматизлаштирилади.
Келаси йилдан тадбиркор ва давлат ўртасидаги низоларда “Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий этилади. Тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.
Шунингдек, “Биринчи хато учун огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Биринчи бор қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.
Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.
