platina.uz
Жамият

Президент “Урганч – Хива” пуллик автомобил йўли билан танишди

Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга.

Президент “Урганч – Хива” пуллик автомобил йўли билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг янги “Урганч – Хива” пуллик автомобил йўли билан танишди.

Мамлакатимизда замонавий йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт қатнови тезлиги ва хавфсизлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил 5 август куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Автомобил йўллари тўғрисида”ги қонунда пуллик автомобил йўлларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Бунда ҳайдовчилар учун муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши асосий шарт ҳисобланади.

Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасидаги янги автомобил йўли аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, тезкор ва қулай ҳаракатланиш имкониятини яратишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида 35 километр автомобил йўли, 1 та ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга.

Транспорт оқими ва тўловларни бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, автобуслардан тўлов транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон шаклда ундирилади.

Йўл бўйида халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади.

Янги магистрал Урганч ва Хива ўртасидаги қатновларни янада тезлаштириш ва қулайлаштириш, сайёҳлар учун транспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳудуднинг йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid