platina.uz
Мақола

Фантом оғриқ: нима учун мия мавжуд бўлмаган аъзони ҳамон ҳис қилади?

Асрлар давомида шифокорлар бундай сезгиларнинг келиб чиқиш сабабини тушунишга ҳаракат қилиб келганлар. Илгари улар ампутация қилинган аъзо ўрнидаги нервлар шикастланиши натижаси деб ҳисобланган бўлса, бугунги кунда фантом оғриқнинг келиб чиқишида периферик нерв тизими, орқа мия, бош мия ҳамда психологик омиллар бир вақтнинг ўзида иштирок этиши маълум.

Фантом оғриқ: нима учун мия мавжуд бўлмаган аъзони ҳамон ҳис қилади?

Инсон мияси ўз танасининг шунчалик аниқ ва ишончли ички тасвирини яратадики, ҳатто қўл ёки оёқ ампутация қилинганидан кейин ҳам одам унинг мавжудлигини ҳис қилишда давом этади. Бундан ҳам ҳайратланарлиси шундаки, мавжуд бўлмаган қўл ёки оёқ қичиши, совуқ қотиши, ҳаракатланаётгандек туюлиши, ҳатто кучли оғриқ келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳодиса фантом оғриқ деб аталади ва у ҳозирги неврологиянинг энг мураккаб ҳамда тўлиқ ўрганилмаган муаммоларидан бири ҳисобланади.

Фантом (фр. fantôme < лот. phantasma < қадимги юнон. φάντασμα — «пайдо бўлиш», «арвоҳ») — арвоҳ, хаёлий мавжудот ёки мавжуд бўлмаган нарсанинг ҳис этиладиган тимсоли маъносини англатади. Илмий ва тиббий адабиётларда «фантом» атамаси кўпроқ йўқ бўлган тана қисми мавжуддек ҳис қилинишини ифодалаш учун қўлланилади. Масалан, «фантом оғриқ» — ампутация қилинган аъзода оғриқ сезилиши ҳолатидир.

Асрлар давомида шифокорлар бундай сезгиларнинг келиб чиқиш сабабини тушунишга ҳаракат қилиб келганлар. Илгари улар ампутация қилинган аъзо ўрнидаги нервлар шикастланиши натижаси деб ҳисобланган бўлса, бугунги кунда фантом оғриқнинг келиб чиқишида периферик нерв тизими, орқа мия, бош мия ҳамда психологик омиллар бир вақтнинг ўзида иштирок этиши маълум.

Шу боис фантом оғриқ нафақат тиббий, балки фалсафий аҳамиятга ҳам эга. У инсон танаси ҳақидаги тасаввуримиз қандай шаклланиши ва онгда тананинг қандай акс этиши тўғрисидаги қарашларни қайта кўриб чиқишга ундайди.

Тарихий назар

Фантом оғриқ ҳақидаги илк ёзма маълумотлар XVI асрга бориб тақалади. Француз жарроҳи Амбруаз Паре ампутациядан узоқ вақт ўтганига қарамай, беморлар йўқолган қўл ёки оёғида оғриқ сезаётганини кузатган. Ўша давр тиббиёти учун бундай шикоятлар деярли сирли ҳодиса ҳисобланган.

Фақат XIX асрда америкалик невролог Сайлас Вейр Митчелл АҚШ Фуқаролар урушида жароҳатланган кўплаб аскарларни кузатиб, «фантом аъзо» атамасини илмий муомалага киритди. Ана шу даврдан бошлаб ушбу феноменни тизимли ўрганиш бошланди.

Фантом оғриқ нима?

Фантом оғриқ — бу нейропатик оғриқ турларидан бири бўлиб, унда инсон амалда мавжуд бўлмаган тана қисмида оғриқни ҳис қилади. Кўпинча бу ҳолат қўл ёки оёқ ампутациясидан кейин кузатилади. Бироқ шунга ўхшаш ҳиссиётлар сут бези, кўз, тил, тиш, ҳатто айрим ички аъзолар олиб ташланганидан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Мутахассислар бир-бирига ўхшаш учта ҳолатни ажратиб кўрсатадилар:

-фантом сезгилари — одам йўқолган аъзонинг мавжудлигини ҳис қилади, аммо оғриқ бўлмайди;

-фантом оғриқ — ушбу сезгилар кучли оғриқ билан кечади;

- ампутация қилинган қисми (култа) оғриғи — оғриқ манбаи узилгандан сақланиб қолган тўқималарнинг ўзида бўлади.

Амалиётда бу ҳолатлар бир вақтнинг ўзида учраши мумкин, бу эса ташхис қўйишни анча мураккаблаштиради.

Муаммо қанчалик кенг тарқалган?

Замонавий маълумотларга кўра, ампутациядан кейин беморларнинг тахминан 80 фоизи фантом сезгиларини ҳис қилади. Уларнинг ярмидан кўпроғида эса турли даражадаги фантом оғриқ ривожланади. Кўпчиликда дастлабки аломатлар операциядан кейинги биринчи ҳафтадаёқ пайдо бўлади. Бироқ айрим ҳолларда оғриқ бир неча ой, ҳатто йиллар ўтгач ҳам юзага келиши мумкин.

Оғриқнинг кучи ҳар бир беморда турлича бўлади. Айримлар фақат вақт-вақти билан енгил санчишни ҳис қилса, бошқалар доимий ва қаттиқ оғриқдан азият чекиб, кундалик ҳаёт фаолиятида жиддий чекловларга дуч келишади.

Фантом аъзо қандай ҳис қилинади?

Фантом оғриқни бошдан кечираётган беморларнинг таърифлари бир-бирига жуда ўхшаш бўлади. Улар йўқолган қўл ёки оёқда қуйидаги ҳиссиётларни тасвирлайдилар:

• куйдирувчи оғриқ;

• электр токи ургандек кескин санчиш;

• кучли тиришиш;

• бармоқлар қаттиқ мушт бўлиб тугилгандек ҳис қилиш;

• бўғимлар буралиб кетаётгандек сезиш;

• мавжуд бўлмаган аъзо ноқулай ҳолатда турганидек туйилиш.

Қизиқарли жиҳати шундаки, оғриқ кўпинча қўл ёки оёқ бармоқларида ҳис қилинади. Бунинг сабаби шундаки, бош миянинг соматосенсор пўстлоғида айнан бармоқлар учун жуда катта нейрон майдон ажратилган.

Нима учун фантом оғриқ пайдо бўлади?

Замонавий илм-фан фантом оғриқни битта сабаб билан эмас, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта биологик механизмларнинг ўзаро таъсири натижаси сифатида изоҳлайди.

Периферик нервлардаги ўзгаришлар

Ампутациядан кейин кесилган нерв толалари қайта тикланишга ҳаракат қилади. Баъзан улар тартибсиз ўсиб, неврома деб аталувчи нерв тугунларини ҳосил қилади.

Бундай невромалар ўз-ўзидан асаб импульсларини ҳосил қилиши мумкин. Мия эса бу сигналларни оғриқ сифатида қабул қилади.

Бироқ ушбу назария барча ҳолатларни тушунтириб бермайди. Чунки баъзи одамларда туғма равишда маълум аъзо бўлмаган бўлса ҳам, уларда фантом ҳиссиётлари кузатилиши мумкин.

Орқа миядаги ўзгаришлар

Ампутациядан кейин нерв импульсларининг одатий оқими бузилади. Бу ҳолат орқа мия нейронларининг ҳаддан ташқари сезгир бўлиб қолишига олиб келади.

Натижада оғриқ сигналлари осонроқ пайдо бўлади, улар кучлироқ қабул қилинади ҳамда оғриқни пасайтирувчи табиий механизмлар самарадорлиги камаяди. Бу жараён тиббиётда марказий сенситизация деб аталади.

Бош миянинг мослашуи

Сўнгги ўн йилликлардаги энг муҳим кашфиётлардан бири бош миянинг нейропластиклиги, яъни ўзгаришларга мослаша олиш қобилияти билан боғлиқ.

Инсон танасининг ҳар бир қисми бош мия пўстлоғида ўзининг маълум ҳудудига эга. Агар қўл ёки оёқ йўқотилса, унинг учун масъул бўлган нейронлар фаолияти бутунлай йўқолиб кетмайди. Вақт ўтиши билан ушбу ҳудудни қўшни соҳалар эгаллай бошлайди.

Бошқача қилиб айтганда, мида бутун тана аъзоларининг “харита”си мавжуд. Бирор аъзо йўқотилган тақдирда ҳам, мия бу аъзо ҳақидаги маълумотларни дарров ўчириб юбормайди.

Масалан, қўли ампутация қилинган одамнинг юзига тегилганда, у мавжуд бўлмаган қўл бармоқларига тегилгандек ҳис қилиши мумкин.

Бу ҳодиса юз ва қўлни бошқарувчи нейрон майдонлари бош мияда бир-бирига яқин жойлашганлиги билан изоҳланади.

Миянинг бундай қайта ташкил топиши инсоннинг янги ҳолатга мослашишига ёрдам беради. Бироқ айрим ҳолларда айнан шу ўзгаришлар сурункали фантом оғриқнинг ривожланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Оғриқ хотираси

Фантом оғриқ ҳақидаги энг қизиқ назариялардан бири — оғриқ хотираси назариясидир.

Агар ампутациядан олдин одам узоқ вақт давомида кучли оғриқни бошдан кечирган бўлса, нерв тизимида муайян патологик нейрон алоқалари шаклланади. Аъзо олиб ташланганидан кейин ҳам мия ана шу аввалги нейрон фаоллигини сақлаб қолиши мумкин. Натижада оғриқ манбаи йўқ бўлса-да, инсон оғриқни ҳис қилишда давом этади.

Шунинг учун операциядан олдинги кучли оғриқ кейинчалик сурункали фантом оғриқ ривожланишининг муҳим хавф омилларидан бири ҳисобланади. Айтайлик, бемор қаттиқ оғриқдан қутулиш учун бирор аъзосидан “қутулса” ҳам, фантом оғриқдан қутула олмаслиги мумкин.

Психологик омилларнинг аҳамияти

Фантом оғриқнинг асосида неврологик механизмлар ётган бўлса-да, инсоннинг руҳий ҳолати ҳам унинг кучига сезиларли таъсир кўрсатади.

Қуйидаги доимий стресс, хавотирланиш, депрессия, уйқунинг бузилиш ҳамда руҳий зўриқиш каби омиллар оғриқни кучайтириши мумкин.

Бу фантом оғриқ фақат психологик муаммо дегани эмас. Аксинча, эмоционал ҳолат бош мияда оғриқни қабул қилувчи тармоқлар фаолиятини ўзгартириб, уларнинг сезгирлигини оширади. Шу сабабдан замонавий даволаш усуллари нафақат дори воситаларини, балки психологик қўллаб-қувватлаш ва психотерапияни ҳам ўз ичига олади.

Замонавий даволаш усуллари

Бугунги кунга қадар фантом оғриқни барча беморларда тўлиқ бартараф этадиган ягона даволаш усули мавжуд эмас. Шунинг учун мутахассислар комплекс ёндашувни энг самарали усул деб ҳисоблайдилар. Бундай ёндашув дори-дармонлар, реабилитация, физиотерапия ва психологик ёрдамни бирлаштиради.

Дори воситалари билан даволаш

Фантом оғриқни даволашда асосан нерв тизими фаолиятига таъсир қилувчи дори воситалари қўлланилади. Уларга тутқаноққа қарши препаратлар, айрим антидепрессантлар, оғриқ қолдирувчи воситалар, маҳаллий оғриқсизлантирувчи препаратлар ҳамда баъзи ҳолларда нерв импульсларининг ўтишини бошқарувчи махсус дори воситалари мисол бўла олади.

Ҳар бир бемор учун даволаш режаси алоҳида тузилади, чунки бир одамда яхши самара берган усул бошқасида кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Ойна терапияси

АҚШда тиббиётчилар ғалати бир воқеа қайд этилган. Собиқ ҳарбий аскар Жорж Матисон Ироқ урушдан қайтгач, ўнг қўлининг тўхтовсиз оғриғидан азоб чекади. Ғалати жиҳати шундаки, унинг қўли мина портлашидан сўнг узилиб кетган бўлсада, худди бордек оғрирди. Буни оғриқ дейиш нотўғри, у йўқ қўлининг кафти мушт бўлиб қаттиқ қисилганидан азоб чекарди. Унинг йўқ мушти қаттиқ қисилар, ҳатто тирноқлари кафтига ботиб оғрирди, гўё. Оғриқ қолдирувчи дорилар ва қтнча фойда берар, собиқ аскар руҳан қаттиқ чарчагани эди.

Шунда машҳур нейробиолог Вилейанур Рамачандран 90-йилларнинг ўрталарида бу фантом оғриқни камайтиришнинг энг машҳур усулларидан бири - ойналар ёрдамида даволашга аҳд қилди.

Муолажа вақтида бемор олдига махсус ойнали қути ўрнатилди. Унда соғлом қўл ёки оёқнинг аксини кўрган беморда гўё ампутация қилинган аъзо ҳам жойида тургани ҳақида визуал тасаввур ҳосил бўлади.

Нейробиолог Вилейанур Рамачандран (ўнг тарафда) ўзининг ихтироси- ойнали қути билан.

Соғлом аъзо ҳаракатлантирилганда, мия бу ҳаракатни йўқолган аъзо ҳам бажараётгандек қабул қилади.

Шифокор собиқ аскарга икки қўлининг муштини ҳам очиб ёзишни буюрди. Буюрди. Ниҳоят собиқ аскар фантом муштининг қисилиши йўқолганини, эркин “очилганини” ҳис қилди. Шу куни тунда биринчи марта ором олиб ухлади. Шу-шу фантом оғриқдан қутулди.

Кўплаб беморларда бундай машқлар оғриқнинг сезиларли даражада камайишига ёрдам беради. Олимлар бу ҳолатни миянинг сенсомотор соҳалари фаолияти қайта ташкил топиши билан изоҳлайдилар. Бироқ ушбу усул қандай механизм орқали таъсир кўрсатиши ҳали ҳам тўлиқ аниқланмаган. Бироқ у беморни руҳан ишонтириш, гипноз усулларига ўхшаб кетишини қайд этиш лозим.

Замонавий реабилитация технологиялари

Сўнгги йилларда фантом оғриқни даволашда юқори технологияларга асосланган янги усуллар кенг қўлланилмоқда. Виртуал реаллик технологиялари, роботлаштирилган бионик протезлар, сенсор қайта алоқа (feedback) тизимлари физиотерапия, когнитив-хулқий терапия, нейромодуляция ва электр стимуляцияси усуллари шулар жумласига киради.

Айниқса, сезувчанликни қайта тиклай оладиган бионик протезлар олимларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бундай қурилмалар нерв тизимига ташқи муҳит ҳақида маълумот юбориши мумкин. Тадқиқотчиларнинг фикрича, табиий сенсор ахборотнинг қайтиши бош мияга тананинг янги ҳолатига мослашишда ёрдам беради ва сурункали фантом оғриқ хавфини камайтириши мумкин.

Нега фантом оғриқни ўрганиш муҳим?

Фантом оғриқ муамммосини ўрганиш нафақат ампутация қилинган беморларга ёрдам бериш, балки инсон миясининг ишлаш тамойилларини чуқурроқ англаш имконини ҳам беради.

Бу тадқиқотлар оғриқ фақат тўқималарнинг шикастланиши натижаси эмаслигини кўрсатди. Оғриқ — бу мияда шаклланадиган мураккаб ҳиссий тажриба бўлиб, унда хотира, ҳис-туйғулар, кутилмалар ва аввалги ҳаётий тажриба муҳим ўрин тутади.

Фантом оғриқни ўрганиш натижалари сурункали оғриқ синдромлари, мигрень, нейропатиялар ва орқа мия жароҳатларини даволаш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқишга ҳам хизмат қилмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid