platina.uz
Жамият

Тошкентда авиаҳалокат сценарийси асосида кенг кўламли ўқув машғулоти ўтказилди

Авиаҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва 25 та махсус техника жалб қилинди. 

Тошкентда авиаҳалокат сценарийси асосида кенг кўламли ўқув машғулоти ўтказилди

7 август куни Тошкент халқаро аэропорти ташаббуси билан Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида парвозларнинг қидирув-қутқарув фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича идоралараро кенг кўламли ўқув машғулоти бўлиб ўтди.

Машғулот сценарийсига кўра, Истанбул–Тошкент йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёти қўнишга яқинлашганда ҳаво диспетчерлари ва экипаж ўртасидаги алоқа узилади. Самолёт Тошкент шаҳрига етмай, авиафалокатга учрайди.

Шундан сўнг қидирув-қутқарув ишлари бошланиб, фавқулодда вазият ҳақидаги маълумотлар тегишли хизматларга зудлик билан етказилди.

Авиаҳалокат оқибатларини бартараф этиш учун 250 га яқин мутахассис ва 25 та махсус техника жалб қилинди.

Машғулот давомида қутқарувчиларнинг одамларни эвакуация қилиш, жабрланганларни жароҳатларининг оғирлик даражасига қараб тақсимлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббиёт муассасаларига етказиш, шунингдек, самолёт бортидаги хавфли юкни эвакуация қилиш бўйича ҳаракатлари синовдан ўтказилди.

Унда Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Тошкент халқаро аэропорти ва бошқа тегишли хизматлар иштирок этди.

Машғулотнинг асосий мақсади — авиаҳалокат юз берган тақдирда барча тегишли идоралар ўртасида ҳамкорликни тезкор йўлга қўйиш, оқибатларни бартараф этиш ва ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини оширишдан иборат.

Ўқув машғулоти якунида бўлинмалар ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid