platina.uz
Жамият

Автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш жазоси жорий этилиши мумкин

Мазкур жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби қилмишлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилганда қўлланилади. 

Автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш жазоси жорий этилиши мумкин

Қонунчилик палатаси мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг таъсирчанлиги ва муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш натижасида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, маъмурий жазонинг янги тури — автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби қилмишлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилганда қўлланилиши белгиланмоқда. Ушбу жазо чораси қонунда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар суди томонидан қўлланилади.

Қонун лойиҳасида транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid