platina.uz
Жамият

Евроосиё геоиқтисодий манзарасини ўзгартириши мумкин бўлган лойиҳа

Ўзбекистон, Хитой, ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродаси кўп йиллик музокараларни амалий босқичга олиб чиқиш имконини берди. Лойиҳа Хитойнинг темир йўл тармоғини Марказий Осиё билан боғлаб, Яқин Шарқ, Кавказ, Россия ва Европа мамлакатлари томон янги чиқиш имкониятларини яратади. 

Евроосиё геоиқтисодий манзарасини ўзгартириши мумкин бўлган лойиҳа

Сўнгги ўн йилликлар давомида жаҳон иқтисодиёти логистика занжирларининг кенг кўламли қайта шаклланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Пандемия, геосиёсий инқирозлар, санкциялар уруши ҳамда жаҳон савдоси тузилмасидаги ўзгаришлар давлатларни товарларни етказиб беришнинг янги, қисқароқ ва хавфсизроқ йўналишларини излашга ундамоқда. Шу боис транспорт инфратузилмаси бугунги кунда нафақат иқтисодиётнинг бир қисми, балки геосиёсий таъсирнинг энг муҳим воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.

Шу нуқтаи назардан Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси оддий инфратузилма ташаббусидан кўра анча кенгроқ маънога эга. Лойиҳа Марказий Осиёда янги транспорт йўналишини шакллантириш ҳамда Евроосиё қуруқлик транспорт тармоғини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Ўнлаб йиллар кутилган лойиҳа

Мазкур темир йўл тармоғини қуриш зарурати ҳақида йигирма йилдан ортиқ гапириб келинди. Бироқ фақат Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг сиёсий иродасигина кўп йиллик музокараларни амалий босқичга олиб чиқиш имконини берди.

Лойиҳа бўйича 523 километрлик бўлажак магистрал Қашғар — Торугарт — Арпа — Макмал — Жалолобод — Андижон йўналиши бўйлаб ўтади. Бу ҳудудларда ва яна 20 та бекат барпо этилади. Айнан шу йўл Хитойнинг темир йўл тармоғини Марказий Осиё билан боғлаб, Яқин Шарқ, Кавказ, Россия ва Европа мамлакатлари томон янги чиқиш имкониятларини яратади. Техник жиҳатдан энг мураккаб ҳудуд Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Бу ерда баланд тоғли шароитда тахминан 305 километр темир йўл қурилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Келажакдаги темир йўл бир изли қилиб лойиҳалаштирилмоқда ва кейинчалик уни электрлаштириш имконияти ҳам назарда тутилган. Йўловчи поездлари соатига 120 километргача, юк поездлари эса соатига 90 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Бу халқаро юк ташишнинг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Бироқ ушбу рақамлар ортида анча кенг кўламли вазифа — ўта мураккаб табиий шароитларда янги транспорт тизимини барпо этиш мақсади мужассам.

Энг йирик муҳандислик лойиҳаларига тенг қурилиш

Қирғизистоннинг баланд тоғли релъефи ушбу темир йўл қурилишини минтақадаги энг мураккаб муҳандислик ишларидан бирига айлантирмоқда. Қурилиш ишларини ташкил этиш учун аллақачон вақтинчалик автомобиль йўллари, электр таъминоти тармоқлари, бетон заводлари, сифат назорати лабораториялари, омборхоналар ҳамда тўлиқ қурилиш шаҳарчалари барпо этилди.

Лойиҳада энг катта эътибор тоннеллар ва кўприкларга қаратилган. Айнан улар қурилишнинг энг қиммат ва энг мураккаб элементлари ҳисобланади. Бугунги кунда бир вақтнинг ўзида 26 та тоннелда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача асосий тоннел қазилмаларининг 13,5 километрдан ортиғи якунланиб, бу умумий лойиҳа ҳажмининг 13 фоиздан зиёд қисмини ташкил этмоқда. Шунингдек, режалаштирилган ёрдамчи штольняларнинг ярмидан кўпи ҳам қуриб битказилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, тоннелларнинг қарийб учдан бири бурғилаш-портлатиш технологияларисиз, механизациялашган усулда қурилмоқда. Бу қурилиш хавфсизлигини ошириш ҳамда атроф-муҳитга таъсирни минималлаштириш имконини беради.

Ер ишларининг кўлами ҳам диққатга сазовор. Режалаштирилган 56 миллион куб метр тупроқ ишларининг қарийб 20 миллион куб метри, яъни умумий ҳажмнинг тахминан 35 фоизи бажарилган. Шу билан бир вақтда турли мураккабликдаги кўприклар ҳам барпо этилмоқда. Йирик 50 та кўприкдан 38 тасида қурилиш ишлари бошланган. Минглаб пойдевор қозиқлари ўрнатилди, ўнлаб таянчлар тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилди, рамали кўприклар ва сув ўтказувчи иншоотлар қурилиши давом этмоқда.

Амалда Қирғизистон тоғларида бир вақтнинг ўзида бутун бошли муҳандислик экотизими шаклланмоқда. У келажакда янги транспорт магистралининг мустаҳкам асосига айланади.

Марказий Осиё логистика марказига айланмоқда

Янги темир йўлнинг асосий қиймати унинг километрлаб рельсларида эмас. У жаҳон савдосининг географиясини ўзгартирмоқда. Шу пайтгача Шарқий Осиё билан Европа ўртасидаги қуруқлик орқали амалга оширилган юк ташишларнинг катта қисми шимолий йўналишлар орқали ўтар эди. Бироқ бугунги геосиёсий воқелик халқаро бизнесни логистика тизимини фаол равишда диверсификация қилишга ундамоқда.

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли Ўрта транспорт йўлагининг энг муҳим бўғинларидан бирига айланмоқда. Мазкур йўлак босқичма-босқич Хитой билан Европа бозорлари ўртасидаги товарлар ҳаракати учун муқобил транспорт йўналиши сифатида шаклланмоқда. Шу билан бирга, янги йўналиш мавжуд айрим маршрутларга нисбатан ташиш масофасини сезиларли даражада қисқартиради.

Бу эса халқаро савдо учун логистика харажатларининг камайиши, юкларни етказиб бериш муддатларининг қисқариши ҳамда халқаро таъминот занжирларининг барқарорлиги ошишини англатади.

Қирғизистон транзит ҳудуддан - логистика марказига айланмоқда

Мазкур лойиҳа, Қирғизистон учун энг катта аҳамиятга эга. Тарихан республика айрим транспорт йўналишлари ўтадиган ҳудуд бўлиб келган, бироқ мамлакатни дунёдаги энг йирик савдо оқимлари билан боғлайдиган замонавий темир йўл инфратузилмаси мавжуд эмас эди. Энди эса вазият ўзгармоқда. Макмал станциясида минтақавий аҳамиятга эга замонавий транспорт-логистика хаби барпо этилмоқда. Бу ерда юк терминаллари, омборхоналар, сервис майдонлари, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ташкил этилади. Аслида, гап энди фақат турли темир йўл стандартлари ўртасида контейнерларни қайта юклаш ҳақида эмас. Бу иқтисодий ўсишнинг янги саноат нуқтасини яратиш демакдир.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, айнан шундай транспорт тугунлари атрофида вақт ўтиши билан индустриал парклар, эркин иқтисодий зоналар ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналари шаклланади.

Ўзбекистон учун янги имкониятлар

Ўзбекистон учун мазкур лойиҳанинг аҳамияти қанчалик катта эканини таъкидлаш шарт эмас. Республика Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти сифатида узоқ йиллардан буён минтақавий транспорт ва логистика марказига айланиш сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда. Қирғизистон орқали Хитой темир йўл тармоғи билан боғланиш ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтиради.

Бу, аввало, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, кимё тармоғи ҳамда рангли металлургия маҳсулотларига тааллуқлидир. Бундан ташқари, мамлакатнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлиги ҳам ортади. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, йирик халқаро транспорт йўлаклари пайдо бўлган ҳудудларда саноат жадал ривожланади, савдо ҳажмлари ошиб боради ва минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Хитой яна бир стратегик транспорт йўлагига эга бўлмоқда

Хитой учун янги магистрал қурилиши қуруқлик транспорт йўналишларини ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланади. Темир йўл йўлаклари тармоғини кенгайтириш орқали Пекин ташқи савдонинг денгиз ташувларига қарамлигини камайтирмоқда. Чунки денгиз йўллари ҳамон геосиёсий хавфлар ва эҳтимолий чекловлар таъсирига нисбатан сезгирлигича қолмоқда.

Марказий Осиё орқали ўтадиган қўшимча маршрут экспорт етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш имконини яратади ҳамда минтақа давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Энг муҳими, ушбу лойиҳада иштирок этаётган барча томонлар манфаат кўради. Чунки бу ерда транспорт йўналишлари ўртасида рақобат ҳақида эмас, балки халқаро савдо имкониятларини кенгайтириш ҳақида сўз бормоқда.

Инфратузилма — сиёсатнинг муҳим воситаси

Тарих шуни кўрсатадики, энг йирик инфратузилма лойиҳалари камдан-кам ҳолларда фақат иқтисодий аҳамият билан чекланади. Давлатлар йўллар, қувурлар, темир йўл тармоқлари ва энергетика тизимларини биргаликда барпо этар экан, улар узоқ муддатли ўзаро боғлиқлик механизмларини ҳам яратади.

Шу боис Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли нафақат транспорт лойиҳаси, балки минтақавий ҳамкорликнинг янги форматини намоён этувчи ёрқин намуна ҳамдир. Қуриб битказилган ҳар бир тоннель, ҳар бир кўприк ва темир йўлнинг ҳар бир қисми уч давлат ўртасидаги сиёсий ишончнинг амалий ифодасига айланади. Бундай йирик лойиҳаларни узоқ муддатли мувофиқлаштириш, барқарор шериклик ва ўзаро келишилган иқтисодий сиёсатсиз амалга ошириш мумкин эмас.

XXI асрнинг темир Ипак йўли

Бир пайтлар Буюк Ипак йўли Шарқ билан Ғарбни боғлаб, цивилизациялар ўртасида товарлар, технологиялар ва маданиятлар алмашинувини таъминлаган эди. Бугун эса унинг замонавий давоми сифатида юқори технологияларга асосланган темир йўл магистраллари шаклланмоқда.

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли ана шундай энг муҳим лойиҳалардан биридир. У Евроосиёнинг янги транспорт архитектурасини шакллантирмоқда, Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини янада кучайтирмоқда ҳамда минтақа давлатларига янги бозорлар ва инвестиция имкониятларини очиб бермоқда.

Жаҳон иқтисодиёти жадал суръатларда ўзгариб бораётган бугунги шароитда айнан шундай инфратузилма лойиҳалари халқаро савдонинг келажагини белгилаб беради. Зеро, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарган давлатгина эмас, балки уни тезроқ, ишончлироқ ва арзонроқ тарзда истеъмолчига етказиб бера олган мамлакат ҳам рақобатда устунликка эришади.

Тарихда шундай лойиҳалар бўладики, улар бутун бир даврнинг рамзига айланади. Сувайш канали денгиз савдосининг янги босқичини бошлаб берди. Панама канали икки океан ўртасидаги масофани қисқартирди. Транссибир темир йўли Россия империяси ва кейинчалик Совет Иттифоқининг тараққиётига кучли таъсир кўрсатди. Бугун эса Марказий Осиё яна шундай тарихий лойиҳалардан бири — Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлининг барпо этилишига гувоҳ бўлмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, мазкур Бу Евроосиёнинг янги иқтисодий географиясига қаратилган стратегик инвестициядир. Ушбу жараёнда Марказий Осиё қитъанинг чекка ҳудуди мақомидан чиқиб, унинг энг муҳим логистика марказларидан бирига айланяпти.

Агар XX асрда давлатлар асосан денгиз йўллари устидан назорат учун курашган бўлсалар, XXI аср қуруқлик транспорт йўлакларининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда. Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали барпо этилаётган янги Темир Ипак йўли эса ана шу тарихий ўзгаришнинг энг ёрқин рамзларидан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid