Президент ҳокимларни инфляция бўйича жиддий танқид қилди
Вилоят ҳокимлари йил бошида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликка ваъда берган, аммо Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовдан бошқа биронта раҳбар бунга эриша олмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев 21 июл куни ўтган видеоселектор йиғилишида ҳокимларни инфляция бўйича жиддий танқид қилди.
Президентга кўра, вилоят ҳокимлари йил бошида инфляцияни 3 фоиздан оширмасликка ваъда берган, аммо Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовдан бошқа биронта раҳбар бунга эриша олмаган.
"Инфляцияни жайдари тилда, эҳтиёжманд аҳолига нисбатан солиқ деган бўлардим. Қўчқоров, Ишметов ва вилоят ҳокимлари январ-июнда инфляция бўйича ваъда берган эди. Лекин Қашқадарё ва Самарқандда бу кўрсаткич 3,6 фоиз, Хоразмда 3,5 фоиз, Навоий, Фарғонада 3,4 фоизга ошди. Мана ҳокимлар, сизларнинг манга ёзган хатларинг. Хат ёзишдан аввал таҳлил қилмайсизларми? Бунақа одамлар ойлиги нимага кетади, улар қачон биздан рози бўлади?"-дея савол қўйди президент.
Давлат раҳбарига кўра, гўшт нархи апрел-июн ойларида 6,8 фоизга ўсди.
Аввалроқ қорамоллар сони аввалги ҳисобга нисбатан 2,1 миллион бошга кам экани маълум бўлганди.
Қўй ва эчкилар сони 1,5 миллион бошга кам чиқди. Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб берган.
