Маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар лавозимдан олинди
Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.
Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилгани натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромад 2 баробаргача кўпайди. Туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150-200 миллион сўм тушди.
“Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик”, – деди Президент.
Айрим туманларда амалга оширилаётган лойиҳаларда камбағал оилалар иштироки 15 фоизга ҳам етмаяпти. Қораўзак, Марҳамат, Миришкор, Нуробод ва Термиз туманлари мисолида бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.
Ачинарлиси, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмаган. 883 та маҳаллада эса банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмаган, тадбиркорлар билан учрашмаган.
Шунинг учун йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинди, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилди.
Маҳаллаларда солиқ тушумлари, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича ҳам масъулларга саволлар қўйилди. Давлатимиз раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам “ишонч, таянч ва имкониятлар маркази” бўлиши зарурлигини таъкидлади.
