platina.uz
Мақола

Исроилнинг сиёсий демаршига Пашиняннинг оқилона жавоби

Ғазодаги уруш ортидан Туркия Исроилнинг энг кескин танқидчиларидан бирига айланди. Анқара халқаро майдонларда Исроилни қаттиқ танқид қилмоқда, унинг ҳаракатларини кескин баҳоламоқда ва дипломатик муносабатлар аввалги даражадан анча совиб кетди. Айнан шундай вазиятда Исроилнинг арманлар геноцидини тан олиши тасодифга ўхшамайди.

Исроилнинг сиёсий демаршига Пашиняннинг оқилона жавоби

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Исроилнинг Арман геноцидига доир қарорига муносабат билдиришдан бош тортди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Арман геноцидининг “қуролга айлантирилиши”ни айтиб, Исроилнинг 1915 йилги воқеалар бўйича яқинда қабул қилган қарорига муносабат билдирмаслигини маълум қилди.

"Арман геноцидини қуролга айлантириш масаласига аралашмаслик Арманистон Республикаси манфаатларига мос келади деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, биз ҳеч қандай муносабат билдириш заруратини кўрмаяпмиз", — деди Пашинян.

Аввалроқ эса Исроил ҳукумати ғоят мунозарали масала - арманларга қарши геноцидни тан олган эди. Экспертларнинг айтишича, бу қадамни Тел-Авивнинг азбаройи арман халқига нисбатан тӯсатдан уйғонган меҳри билан эмас, балки, арманлар ва Озарбайжон ҳамда Туркия ӯртасини бузиш учун навбатдаги провокация сифатида баҳолаш керак.

Ҳечдан кӯра кеч яхшими?

Нега Исроил бир асрдан ортиқ вақт ўтгач, арманлар геноцидини тан олди ва нима учун бу қарорга энг эҳтиёткорона муносабат билдирган давлат айнан Арманистон бўлди?

Аввало, тарих ўзгармайди. Аммо тарихга муносабат тез-тез ўзгаради. Кеча дипломатик манфаатлар туфайли тилга олинмаган воқеалар бугун катта сиёсатнинг қуролига айланиши мумкин. Халқаро муносабатларда тарих энди фақат олимлар баҳс қиладиган соҳагина эмас. У давлатлар ўртасида босим ўтказиш, рақибни ноқулай аҳволга солиш ва геосиёсий позицияларни мустаҳкамлаш воситасига ҳам айланиб бормоқда.

Исроил ҳукуматининг 1915 йил воқеаларини «арманлар геноциди» сифатида тан олиши айнан шундай воқеалардан бири бўлди.

Бу қарор фақат Туркия, Арманистон ёки Озарбайжон учун эмас, балки бутун Яқин Шарқ ва Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанати учун ҳам муҳим сиёсий сигналга айланди.

Бироқ бир саволга жавоб топиш керак: Нега Исроил бу қарорни айнан ҳозир қабул қилди? Бир асрлик сукут нега бугун бузилди?

Табиийки, Исроил бугунгача арман халқининг бошига тушган фожиа ҳақида бехабар эмас эди. Аксинча, Исроил жамиятида, тарихчилар орасида ва айрим сиёсатчилар томонидан бу масала йиллар давомида муҳокама қилиниб келинган. Ҳатто Холокостни бошидан кечирган халқ давлати сифатида Исроил оммавий қирғинларга ҳуқуқий ва ахлоқий баҳо беришда алоҳида масъулиятга эга экани ҳақида фикрлар ҳам кўп бор айтилган.

Аммо ташқи сиёсат ахлоқ қоидаларига эмас, биринчи навбатда миллий манфаатларга таянади. Узоқ йиллар давомида Туркия Исроилнинг мусулмон дунёсидаги энг муҳим шерикларидан бири бўлиб келди. Ҳарбий ҳамкорлик, разведка алоқалари, савдо муносабатлари ва минтақавий хавфсизлик масалалари икки давлатни бир-бирига яқинлаштириб турарди. Шу сабабли Исроил ҳукуматлари тарихий баҳсларга аралашмасликни афзал кўрди. Бироқ сиёсатда абадий иттифоқлар бўлмагани каби, абадий сукут ҳам бўлмайди.

Хӯш, нега айнан бугун? Бу саволга жавоб излаш учун сўнгги икки йилда Яқин Шарқда содир бўлган воқеаларга назар ташлаш кифоя.

Жарликнинг кенгайиши

Ғазодаги уруш ортидан Туркия Исроилнинг энг кескин танқидчиларидан бирига айланди. Анқара халқаро майдонларда Исроилни қаттиқ танқид қилмоқда, унинг ҳаракатларини кескин баҳоламоқда ва дипломатик муносабатлар аввалги даражадан анча совиб кетди.

Айнан шундай вазиятда Исроилнинг арманлар геноцидини тан олиши тасодифга ўхшамайди. Бу қарор ахлоқий баёнот бўлиш билан бирга, Туркияга юборилган сиёсий сигнал сифатида ҳам қабул қилинмоқда.

Гўёки Исроил Анқарага шундай демоқчи бўлди: «Сиз бизни халқаро майдонда танқид қилар экансиз, биз ҳам тарихнинг оғриқли саҳифаларини эслатиш имкониятига эгамиз.»

Албатта, Исроил ҳукумати расман бундай мақсадни эълон қилгани йўқ. Бироқ қарор қабул қилинган вақт ва мавжуд сиёсий муҳит бу каби талқинларга асос бермоқда.

Тарих дипломатия қуролига айланмоқда

Замонавий дунёда урушлар фақат фронт чизиғида кечмайди. Санкциялар, ахборот уруши, пропаганда ва обрӯсизлантириш, иқтисодий босим, халқаро судлар, инсон ҳуқуқлари ва тарихий хотира — буларнинг барчаси геосиёсий рақобатнинг муҳим воситаларига айланди. Бир аср аввал содир бўлган воқеалар бугун давлатларнинг ташқи сиёсий кун тартибига қайтиши бежиз эмас. Чунки тарих ҳам баъзан мина каби ишлайди. У юз йил давомида жим ётиши мумкин. Аммо зарур пайт келганда, сиёсий таъсир кучи жуда катта бўлади. Исроил айнан шундай механизмдан фойдалангани ҳақида фикр билдирувчилар кўпаймоқда.

Бу қарор Озарбайжонга қарши қаратилганми?

Кўпчиликни ўйлантираётган яна бир тушунмовчилик бор. Исроил Қорабоғ уруши давомида Озарбайжоннинг энг муҳим ҳарбий ҳамкорларидан бири эди. Исроил технологиялари, дронлари ва юқори аниқликдаги қуроллари Боку учун катта аҳамиятга эга бўлгани сир эмас. Шундай экан, нима учун Исроил стратегик шеригини ноқулай аҳволга қўядиган қарор қабул қилди?

Ҳозирча бу саволга қатъий жавоб йўқ. Бироқ мавжуд фактлар шуни кўрсатадики, биргина тарихий қарор Исроил ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик муносабатларни бутунлай бузиши эҳтимоли катта эмас. Бу икки давлатни энергетика, ҳарбий-техник ҳамкорлик, разведка алоқалари ва Эрон омили каби муҳим манфаатлар боғлаб турибди. Демак, ҳозирча гап иттифоқнинг тугаши ҳақида эмас, балки муайян сиёсий келишмовчилик ҳақида кетмоқда.

Ҳозирча Озарбайжон Исроилдан бу қарорни қайта кӯриб чиқишни сӯради. Эртага риторика янада қаттиқлашуви ва охир оқибат дипломатик муносабатлар совуқлашиб кетиши мумкинлигини ҳеч ким истисно қилмайди. Бироқ яна бир жиҳат бор - Исроилнинг мазкур қарори асосан Туркияга қарши қаратилган. Гарчи Анқара Бокунинг энг яқин ҳамкори ва ҳомийси бӯлсада, Боку Исроил билан алоқаларда бу мунозарадан бироз четланиб туриши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда Исроил томони Жанубий Кавказ, қолааерса мусулмон дунёсидаги муҳим ҳамкоридан ажралиб қолмасликнинг чораларини кӯриб қӯйган бӯлиши мумкин.

Исроил янги можарони хоҳлаяптими?

Айрим кузатувчилар янада кескинроқ тахминларни илгари сурмоқда. Уларнинг фикрича, бу қарор Жанубий Кавказда янги сиёсий таранглик келтириб чиқариши, Арманистон билан Озарбайжон ўртасида ишончсизликни кучайтириши ва қуролланиш пойгасини яна авж олдириши мумкин. Кейин эса Исроил томонларга қурол сотиб яна фойда кӯриши мумкин.

Бироқ бу ерда эҳтиёткорлик зарур. Бундай сценарийни тасдиқлайдиган ишончли далиллар ҳозирча мавжуд эмас. Аксинча, кенг кўламли янги уруш Исроил учун ҳам муайян хавфларни келтириб чиқаради. Жанубий Кавказдаги беқарорлик транспорт йўлаклари, энергетика хавфсизлиги ва Эрон атрофидаги вазиятга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун Исроил айнан уруш чиқишини истаяпти, деган хулосага келиб бўлмайди.

Давлатларнинг дўстлари бўладими?

Бу воқеадан кейин ижтимоий тармоқларда тез-тез бир фикр учрамоқда: «Исроилнинг дўсти йўқ. У ҳаммадан ўз манфаати учун фойдаланади.»Бир қарашда бу гап ишончли эшитилади. Аммо халқаро муносабатлар бундан анча мураккаб. Аслида, бу қоида фақат Исроилга тегишли эмас. АҚШ ҳам, Хитой ҳам, Россия ҳам, Туркия ҳам, Европа Иттифоқи ҳам биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилади. Халқаро сиёсатда ҳиссиётдан кўра манфаат устун туради.

Шу маънода Исроил ҳам бошқа давлатлардан кескин фарқ қилмайди. Фарқ шундаки, айрим қарорлар жуда кескин ва кўзга ташланади.

Энг ақлли қадамни ким ташлади?

Бутун дунё Исроилнинг қарорини муҳокама қилаётган бир пайтда энг қизиқ позицияни Арманистон эгаллади. Кўпчилик Ереван бу қарорни катта тантана билан қарши олади, деб ўйлаган эди.

Бироқ бош вазир Никол Пашинян мутлақо вазмин ва оқилона йўлни танлади. У Арманистон бу масалани сиёсий қуролга айлантирмаслигини ва Исроил қарорига алоҳида муносабат билдирмаслигини маълум қилди. Бир қарашда бу Исроилга нисбатан "ношукрликдек" кўриниши мумкин. Аммо дипломатия нуқтаи назаридан бу жуда пухта ҳисобланган қарор эди.

Агар Ереван Исроилни очиқчасига олқишлаганда, Арманистон беихтиёр Исроил ва Туркия ўртасидаги сиёсий қарама-қаршиликнинг бир қисмига айланиб қолиши мумкин эди. Пашинян айнан шу хавфдан қочди. У армани халқининг тарихий фожиасини бошқа давлатлар ўртасидаги геосиёсий кураш воситасига айлантиришни истамаслигини англатди. Айрим ҳолларда сукут энг кучли сиёсий баёнот бўлиши мумкин.

Қолаверса, Арманистон минтақа давлатлари тинч ва ӯзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, ташқи сиёсатда диверсификация ӯтказиш йӯлини танлаган. Куни кеча рақибига (Бокуга) ёрдам берган Исроилнинг биргина баёнотига учиб, яна аввалги можаро ва урушлар ҳолатига қайтиш сиёсий ғӯрлик бӯлар эди.

Хулоса

Исроилнинг қарори, тарихий адолатни тиклашга уринишдан кӯра, Туркияга юборилган кучли сиёсий сигнал эканлиги ҳақиқатга яқинроқ . Озарбайжон билан муносабатларда муайян совуқлик кузатилиши мумкин. Аммо бу ҳозирча стратегик ҳамкорлик тугаганини англатмайди.

Энг муҳими эса бошқа жиҳатда. Бу воқеа яна бир бор халқаро сиёсатнинг энг асосий қонунини тасдиқлади. Давлатлар абадий дўстлик ёки абадий адоват асосида эмас, балки миллий манфаатлар асосида қарор қабул қилади.

Кеча Туркия билан муносабатлар муҳим бўлгани учун Исроил сукут сақлади. Бугун вазият ўзгарди ва қарор ҳам ўзгарди.

Шу билан бирга, бутун баҳслар орасида энг вазмин сиёсий қадамни, эҳтимол, айнан Никол Пашинян ташлади. У тарихий оғриқни сиёсий ғалабага айлантиришга шошилмади. Зеро, баъзан дипломатиянинг энг катта ютуғи — қарши томон тайёрлаб қўйган ўйинга киришмаслик ва провокацияга учмасликдир. Балки шунинг учун ҳам бу воқеада энг оқилона қадам - айнан сукут сақлашдир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid