Президент логистика марказлари асосан Тошкент ва унинг атрофида жойлашганини танқид қилди
Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштириш, “Халқобод” чегара пункти фаолиятини тиклаш ва божхона терминалини ташкил этиш, Қибрай ва Термиз туманларида божхона терминали ҳамда автотураргоҳлар қуриш таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва мамлакатимизнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи қуруқликдаги йирик транспорт хабига айланиши учун кенг имкониятлар мавжуд. Мамлакатимиз ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўлаклари ўтади, 4 минг 700 километр темир йўл тармоғи бор.
Тошкент шаҳри, Навоий ва Наманганда замонавий транспорт-логистика марказлари ва “қуруқлик портлари” ривожланмоқда. Навоий аэропорти Евроосиё ҳаво йўлакларида муҳим карго тугуни вазифасини бажармоқда.
Шу билан бирга, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш, Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро транспорт тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Ушбу йирик лойиҳалар ишга тушиши натижасида Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Мазкур йўналиш анъанавий йўналишларга нисбатан юк ташиш вақтини 3 баробаргача қисқартириб, 8 кунгача тушириш имконини беради. Шунингдек, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари орқали Ҳинд океанига, қарийб 2 миллиард аҳоли яшайдиган Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун энг тезкор йўл очилади.
Тақдимотда мамлакатимизда бу борадаги имкониятлардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Маълумки, Хитой ва Европа ўртасида йиллик товар айланмаси 800 миллиард долларни, юк ташиш ҳажми эса 120-150 миллион тоннани ташкил этади. Агар Ўзбекистон йилига қўшимча 15-20 миллион тонна халқаро транзит юкини қабул қила олса, 400-600 миллион доллар қўшимча даромад, логистика марказлари ва терминаллар қурилишига 3 миллиард доллар хорижий инвестиция, 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Бу иқтисодиёт ўсишига қўшимча 1,5-2 фоизлик суръат бериши мумкин.
Бироқ ҳозирча Ўзбекистоннинг ушбу транзит айланмасидаги улуши 1-2 фоиздан ошмаяпти. 2025 йилда транзит юк ташиш ҳажми 15,3 миллион тоннани ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 54 фоиз ўсган бўлса-да, мавжуд салоҳият бундан анча юқори.
Таҳлилларга кўра, чегара ўтказиш пунктлари кўп бўлишига қарамай, уларнинг аксарияти халқаро юкларни тезкор қабул қилиш ва расмийлаштириш қувватига эга эмас. Мамлакатимизда халқаро талабга мос 27 та логистика маркази мавжуд бўлиб, уларнинг умумий қуввати 27,2 миллион тоннани ташкил этади. Бироқ фақат биттаси юқори тоифага эга. Автоматлашган “А” тоифадаги омборлар жами эҳтиёжнинг 10-15 фоизини қоплайди, замонавий музлаткичли ва божхона омборлари етишмайди.
Шунингдек, логистика марказлари асосан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида жойлашгани, контейнерлаштириш улуши пастлиги, давлат органлари ва хусусий логистика марказлари ўртасида ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилинмагани, соҳада рақамлаштириш даражаси етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Тақдимотда Хонобод ва Ангрен шаҳарлари, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз туманларини транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштириш таклиф этилди.
Хонобод шаҳри “Хитой йўли дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Каспий – Кавказ – Европа, Хитой – Марказий Осиё – Трансафғон ҳамда Хитой – Марказий Осиё – Эрон транзит йўлакларига хизмат қилади. Ангрен шаҳри, Янгийўл ва Оҳангарон туманлари транзит ва ташқи савдо юкларини оралиқ тақсимлаш марказлари сифатида ривожлантирилади.
Олот тумани “Ўрта йўлак дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Каспий – Кавказ – Европа ҳамда Хитой – Марказий Осиё – Эрон йўналишларига, Термиз тумани эса “Трансафғон йўлаги дарвозаси” сифатида Хитой – Марказий Осиё – Трансафғон – Покистон транспорт йўлагига ихтисослашади.
Ушбу ҳудудларда логистика марказлари ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга ҳар бир ҳудудда 50 гектардан, жами 300 гектар ер майдони таклиф этилади. Бу мақсадлар учун ҳар йили 200 миллион долларлик имтиёзли ва кам фоизли кредит линияларини йўналтириш назарда тутилмоқда. Логистика марказлари учун ташқи инфратузилма бюджет ҳисобидан барпо этилади.
Шунингдек, “Халқобод” чегара пункти фаолиятини тиклаш ва божхона терминалини ташкил этиш, Қибрай ва Термиз туманларида божхона терминали ҳамда автотураргоҳлар қуриш, Хонобод шаҳрида халқаро темир йўл чегара ўтказиш пунктини барпо этиш, Янгийўл туманидаги темир йўл станциясини кенгайтириш, Оҳангарон туманида “А” тоифадаги йирик логистика марказини қуриш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Тақдимотда рақамлаштириш ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Логистика марказларида терминалларни бошқариш ва омборни бошқариш тизимини жорий этиш, уларни “E-logistika” платформасига интеграция қилиш, автотранспорт воситаларини онлайн кузатиш, автотранспорт рақамларини аниқлаш ва электрон ҳисобга олиш тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Чегара ўтказиш пунктларида “ягона тўхташ” (one stop) тамойилини жорий қилиш орқали юкларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Соҳада хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун логистика марказларига замонавий ускуналар, омборхона ва юк ортиш-тушириш техникалари, агрегат ва эҳтиёт қисмларни олиб киришда божхона божи ҳамда мажбурий сертификатлаш талабларини енгиллаштириш таклиф қилинди.
Президентимиз транспорт-логистика тизими мамлакат экспорт салоҳияти, инвестициявий жозибадорлиги ва ҳудудлар ривожи учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, логистика марказлари тармоғини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий сектор учун қулай шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.
