Шикоятни шикоят қилинаётган шахснинг ўзига юбориш мумкин эмас
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Президент халқ қабулхонаси мурожаатлар билан ишлашдаги камчиликларни санаб ўтди.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишда камчиликлар кузатилмоқда.
Мурожаатни ваколатли органга ўз вақтида юбориш
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддаси иккинчи қисмига кўра, агар мурожаатни кўриб чиқиш давлат органи ёки ташкилот ваколатига кирмаса, у 5 кун ичида тегишли орган ёки мансабдор шахсга юборилиши ҳамда бу ҳақда мурожаатчига ёзма ёки электрон шаклда хабар берилиши шарт.
Амалда эса айрим ҳолларда муддат бузилмоқда.
Шикоятни шикоят қилинаётган шахснинг ўзига юбориш мумкин эмас
Қонуннинг 25-моддаси учинчи қисмига асосан, мурожаатни қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган орган, ташкилот ёки мансабдор шахснинг ўзига кўриб чиқиш учун юбориш тақиқланади.
Афсуски, айрим ҳолатларда мурожаатчининг шикояти яна айнан шикоят қилинган раҳбарнинг ўзига юборилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Президент Халқ қабулхонасига келиб тушган бундай мурожаатлар қонунчиликка мувофиқ республика даражасидаги ваколатли ташкилот томонидан кўриб чиқилиши лозим. Уларни шикоят қилинаётган қуйи ташкилотга юбориш қонун талабларига зид ҳисобланади.
Мурожаатга асосли жавоб берилиши шарт
Қонуннинг 27-моддаси бешинчи қисмига кўра, мурожаатга берилган жавобда мурожаатда кўтарилган ҳар бир масала юзасидан аниқ ва асослантирилган хулосалар, заруратга қараб эса қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар келтирилиши лозим.
Бироқ айрим жавобларда ушбу талабга тўлиқ риоя қилинмаяпти.
Қонунчилик талабларига риоя қилмаслик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
