platina.uz
Иқтисод

Ҳудудлар яширин иқтисодиёт бўйича “яшил”, “сариқ” ҳамда “қизил” тоифаларга ажратилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартириш, расмий банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ҳудудлар яширин иқтисодиёт бўйича “яшил”, “сариқ” ҳамда “қизил” тоифаларга ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва соҳада прокурор назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.

Кейинги йилларда бу борада тизимли ишлар амалга оширилди, хусусан, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича махсус ва ҳудудий комиссиялар фаолияти йўлга қўйилди, солиқ ва божхона органларида хавф таҳлили ҳамда сегментлаш тизимлари жорий этилиб, қонунчиликдаги яширин айланмаларга йўл очаётган бир қатор “туйнук”лар ёпилди, қонунга итоаткор тадбиркорларни рағбатлантириш чоралари эса кучайтирилди.

Амалга оширилган чоралар натижасида сўнгги икки йилда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 35 фоиздан 23 фоизгача камайди, бюджетга қўшимча 38 триллион сўм ундирилди, расмий банд аҳоли сони 8,5 миллион нафардан ошди, расмий ўртача иш ҳақи эса 6,5 миллион сўмга яқинлашди.

Шу билан бирга, яширин иқтисодиёт улуши ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда. Статистик баҳолашларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми қишлоқ хўжалигида 81,1 триллион сўмни, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 24,5 триллион сўмни, қурилишда 23,9 триллион сўмни, саноатда эса 6,7 триллион сўмни ташкил қилмоқда.

Яширин иқтисодиёт бюджет даромадларини камайтириш билан бир қаторда мамлакатдаги соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиш, норасмий бандлик туфайли фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражасини пасайтириш, аҳоли (истеъмолчилар) ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонун билан белгиланган кафолат ва қўллаб-қувватлаш механизмларидан тўлиқ фойдалана олмаслик каби оқибатларга олиб келади.

Мамлакатимизда 2030 йилгача яширин иқтисодиёт ҳажмини икки баробар қисқартириш, расмий банд аҳоли сонини 14 миллион нафарга, нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда соҳалар ва ҳудудлар кесимида яширин иқтисодиёт хавфи, эҳтимолий бюджет йўқотишлари ва қўшимча даромад манбаларини акс эттирадиган ягона рақамли платформани яратиш, ушбу платформа ёрдамида хуфиёна айланмаларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Тақдимотда айнан шу мақсадда Бош прокуратура томонидан яратилган ва синов тариқасида ишга туширилган “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформасининг имкониятлари ҳақида ахборот берилди.

Платформа иқтисодиётнинг 22 та асосий тармоғи, 85 та соҳа, 14 та маъмурий ҳудуд ва 208 та туман-шаҳар кесимида яширин айланмалар хавфини аниқлаш ва масъуллар томонидан уларнинг бартараф этилишини назорат қилиш орқали бюджет даромадларини ошириш ҳамда соғлом рақобатни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Платформани ишлаб чиқишда солиқ, божхона, молия, иқтисодиёт, статистика, эконометрика ва эҳтимоллар назарияси йўналишлари бўйича бир қатор малакали мутахассислар жалб қилиниб, юздан ортиқ хавф мезонлари ишлаб чиқилган ҳамда уларга ҳудуд ва тармоқларнинг ўзига хос хусусиятлари, солиқ режими, товар айланмаси, бюджет учун аҳамияти ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда индивидуал коэффициентлар белгиланган.

Соҳа ва ҳудудлар кесимида яширин иқтисодиёт хавфи ва эҳтимолий бюджет йўқотишларини аниқлаш мақсадида платформага 16 та масъул вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари интеграция қилинган ва барча маълумотларни реал вақт режимида қайта ишлаш имконияти яратилган.

Платформа таҳлиллари асосида яширин иқтисодиёт хавфи ва эҳтимолий бюджет йўқотиши миқдоридан келиб чиқиб, соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда “яшил”, “сариқ” ҳамда “қизил” тоифаларга ажратилади.

Мазкур платформа орқали лицензиясиз фаолият юритиш, ҳақиқий айланма, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини яшириш, рентабеллик ва фойдани камайтириш каби хавфлар автоматик аниқланади.

Тақдимотда платформанинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда соҳада прокурор назоратини рақамлаштириш орқали уни янги босқичга олиб чиқиш таклиф этилди.

Мазкур жараёнда яширин иқтисодиётга қарши курашишга масъул вазирлик ва идораларнинг куч ва воситалари платформа таҳлиллари асосида манзилли йўналтирилади, уларни назорат қилишда эса инсон омили янада камайтирилади. Яширин иқтисодиёт хавфи юқори бўлган соҳа ва ҳудудлар автоматик тарзда аниқланади, сабаблар таҳлил қилинади, масъул идораларга манзилли топшириқлар берилади, ижро назорат қилинади ва натижалар баҳолаб борилади.

Агар туман ёки шаҳар даражасида муаммо ҳал этилмаса, масала вилоят босқичига, зарур ҳолларда республика даражасига олиб чиқилади. Тизим орқали муаммонинг илдиз сабаблари аниқланиб, уни бартараф этиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бюджет даромадларини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Давлатимиз раҳбари яширин иқтисодиётни қисқартиришда асосий эътибор рақамлаштириш, маълумотлар алмашинувини кучайтириш, инсон омилини камайтириш ва назоратни манзилли ташкил этишга қаратилиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

Масъулларга 1 октябрга қадар 70 дан ортиқ ахборот тизимини платформага интеграция қилиш, 1 январга қадар барча ҳудудлар ва соҳаларни ушбу платформа билан қамраб олиб, тўлиқ ишга тушириш топширилди.

Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат шароитларини яратиш ва яширин иқтисодиётни қисқартиришда мутасаддиларнинг масъулиятини оширишда прокурор назоратини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid