Президент инвестиция сифати ва самарадорлиги бўйича ёндашувларни ўзгартириш кераклигини таъкидлади
Ҳокимлар қайси туманда қайси тармоқни қандай ривожлантириш, нима лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари асосий масалага ўтишдан аввал ўтган ҳафта юксак савияда ўтказилган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунларига тўхталди. Форум доирасида хорижий ҳамкорлар билан 43 миллиард долларлик 177 та келишувга эришилганини таъкидлади.
"Ҳар бир келишув лойиҳага, иш ўрнига, юқори қўшилган қийматга айланиши шарт", — деди Президентимиз. Мутасаддиларга хорижий инвесторлар кўтарган 120 та таклифнинг ечими бўйича қарор киритиш топширилди.
Умуман, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар инвестиция сифати ва самарадорлиги бўйича ёндашувларини ўзгартириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги беш йилда юртимизга киритилган жами инвестициянинг ярми 4 та ҳудудга тўғри келган. Лекин жалб қилинган сармоянинг иқтисодиётга қайтими бўйича ҳудудлар ўртасидаги тафовут катта.
Масалан, 1 миллион сўмлик инвестиция Фарғонанинг ялпи ҳудудий маҳсулотига қўшимча 273 минг сўмлик, Самарқандда 262 минг сўмлик қўшилган қиймат беряпти. Лекин Бухорода бу атиги 117 минг сўм. Яъни ҳудудга олиб келинаётган инвестиция самараси бошқа ҳудудлардан 2 карра паст.
Ҳокимлар қайси туманида қайси тармоқни қандай ривожлантириш, нима лойиҳага инвестиция олиб келса, энг юқори самарадорликка эришишини аниқ ҳисоб-китоб қилиши кераклиги қайд этилди.
Бунинг учун иқтисодиётдаги 12 та тармоққа 14 та “ақл маркази” ҳамда 37 та соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар номма-ном бириктирилди.
Мисол учун, қурилиш материаллари тармоғига “ақл маркази” сифатида Макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари маркази ҳамда Материалшунослик институти ва Тошкент архитектура-қурилиш университети бириктирилди.
Улар янги турдаги материалларга талаб, буни қоплаш учун қайси туманда нима лойиҳа қилиш, қандай технологиядан фойдаланиш, қайси йўналишларда кадр тайёрлаш кераклигини таҳлил қилади.
Барча тармоқ раҳбарларига “ақл маркази”, соҳавий илмий институт ва олийгоҳлар билан ҳар бир туман имкониятини шу ёндашув асосида таҳлил қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишига катта туртки берадиган лойиҳалар пакетини тайёрлаш топширилди.
