platina.uz
Жамият

Президент Наманган аэропортининг янги терминалини кўздан кечирди

Лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар замонавий талабларга жавоб берадиган янги йўловчи терминали ишга туширилади. 

Президент Наманган аэропортининг янги терминалини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи бошланди. Давлатимиз раҳбари Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилишини кўздан кечирди.

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Мазкур қурилиш ишлари давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 мартдаги “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Наманган халқаро аэропорти 1971 йилда фойдаланишга топширилган. 2013 йилдан халқаро мақомда фаолият юритиб келмоқда. Бугунги кунда аэропорт орқали 9 та авиакомпания мунтазам парвозларни амалга оширяпти.

Лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар замонавий талабларга жавоб берадиган янги йўловчи терминали ишга туширилади. Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар ва йилига 3 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса аэропортнинг ҳозирги қувватини бир неча баробар оширади.

Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди ташкил этилади. Натижада 550 та янги иш ўрни яратилади.

2027 йил якунига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминали фойдаланишга топширилади. Фарғона водийси учун ягона замонавий карго тизими шакллантирилиб, маҳсулотларни дунёнинг 90 мамлакатига экспорт қилиш имконияти кенгаяди.

Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid