platina.uz
Иқтисод

Президент халқаро форумда олти йўналишда муҳим ташаббуслар билан чиқди

Инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш таклиф этилди. Қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш, “яшил” энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар барпо этиш ташаббуси илгари сурилди. 

Президент халқаро форумда олти йўналишда муҳим ташаббуслар билан чиқди

Президентимиз кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш учун бир қатор устувор йўналишларга тўхталиб ўтилди.

Биринчи йўналиш – инвесторлар учун ҳуқуқий кафолат тизимини янада кучайтириш.

Инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар, эътироф этилган халқаро механизмлар орқали таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Иккинчи йўналиш – капитал бозорини ривожлантириш, муқобил молия воситаларига кенг йўл очиш.

Ўзбекистон янги авлод молия технологиялари ва сармоя бозорларини жадал ривожлантирмоқда.

Ўтган даврда халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан зиёд облигациялар жойлаштирилди. Шу билан бирга, миллий валютадаги корпоратив евро-облигациялар ҳам айланмага киритилди.

Илк бор 13 та стратегик корхона активига эга Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржасига чиқарилди. Эътиборли жиҳати, бу Лондон биржасининг охирги беш йилдаги энг йирик IPOʼсига айланди.

Шу билан бирга, қатор йирик компанияларни ҳам IPOʼга чиқаришга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бу каби ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш учун “Капитал бозори тўғрисида”ги ва “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинади.

Учинчи йўналиш – юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш.

Саноатнинг барча тармоқларида янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қийматни яратиш бўйича катта дастурлар бошланган.

“Яхши хабардорсиз, Ўзбекистон бой табиий ресурслар – олтин, мис, уран, вольфрам, газ ва бошқа ноёб захираларга эга. Стратегик хомашё бўлган ер ости бойликларимизнинг умумий қиймати 3 триллион доллар деб баҳоланмоқда”, – деди Президентимиз.

Мазкур соҳадаги имкониятларни хорижий инвесторларга тақдим этиш мақсадида очиқ рақамли геология маълумотлар базаси яратилади, ауксионга қўйиладиган конлар 4 карра кўпайтирилади, “қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача” бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ва Самарқандда барпо этилаётган “Келажак металлари” технопаркларига хорижий сармоя кенг жалб қилинади.

Машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника, фармацевтика каби “драйвер” тармоқларда ҳам 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш таклиф қилинди.

Тўртинчи йўналиш – “яшил” энергетика ва сунъий интеллект соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш.

Инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бир қаторда энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, тармоқларни модернизация қилиш, “яшил” энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар барпо этиш таклиф этилди.

Сунъий интеллект тармоғини ривожлантириш – давримизнинг муҳим талаби. Хорижий экспертлар Ўзбекистонда келгуси беш йилда ушбу янги йўналишда камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратилишини прогноз қилмоқда.

“Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, ундан таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг фойдаланишдан иборат”, – деди Президентимиз.

Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона яратилди. Бу ҳудудда 2040 йилгача инвесторлар барча турдаги солиқ ва божлардан озод қилинади, йўл, электр, сув инфратузилмаси давлат ҳисобидан қуриб берилади, 1 киловатт-соат электр энергияси учун 5 сент миқдорида имтиёзли тариф белгиланади.

Шу билан бирга, махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар маркази ҳам ташкил этилмоқда.

Президентимиз инвесторларни ушбу йўналишлар бўйича жозибадорлиги юқори бўлган лойиҳаларда ҳамкорликка таклиф этди.

Бешинчи йўналиш – минтақавий транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш.

Маълумки, инвесторлар учун халқаро савдо бозорларига чиқиш катта аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Марказий Осиё ўзаро боғлиқ ва бутун жаҳонга очиқ бўлган катта имкониятлар майдонига айланмоқда.

Жумладан, Хитой ва Қирғизистон билан ҳамкорликда стратегик темир йўл қурилиши жадал давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, жанубий денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконини берадиган Трансафғон коридори лойиҳаси устида фаол иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Каспий денгизи орқали ўтадиган “Ўрта коридор” транспорт йўналиши ҳам ривожлантирилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни тўлиқ рўёбга чиқариш эвазига Ўзбекистон Осиё ва Европани боғлайдиган транспорт магистраллар тармоғига қўшилади.

Ўзбекистонда транспорт-логистика йўналишида қатор мегалойиҳалар ҳам бошланган. Масалан, саудиялик ҳамкорлар билан йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган янги Тошкент халқаро аэропорти қурилмоқда.

Инвесторлар форум доирасида тақдим этилаётган тезюрар автомобиль йўлларини барпо этиш, кўп функсияли логистика марказлари ва “қуруқ портлар”ни қуриш каби лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қилинди.

Олтинчи йўналиш – ҳудудларни ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.

Ўзбекистон аҳолиси қарийб 40 миллионга яқинлашди. Жадал демографик ва иқтисодий ўсиш урбанизатсия ва шаҳарсозлик бўйича катта дастурларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Улар доирасида 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойларнинг сонини 2 карра ошириб, урбанизация даражасини ҳозирги 51 фоиздан 65 фоизга етказиш режа қилинган.

Пойтахтимизга туташ ҳудудда 2 миллион аҳолига мўлжалланган замонавий Янги Тошкент мегаполиси бунёд этилмоқда. Шунингдек, Андижон, Наманган ва Самарқандни миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича лойиҳалар бошлаб юборилган. Умуман, юртимизда уй-жой қурилиши лойиҳалари йилига камида 10 миллиард долларлик кафолатли бозорни таъминлайди.

Бунга қўшимча равишда Ўзбекистон инфратузилмани барпо этишда 27 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини инвесторлар билан амалга оширишга тайёр.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid