platina.uz
Таҳлил

Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Арманистон фақатгина янги парламент учун овоз бергани йўқ. Бу сайловлар мамлакат келажаги, унинг дунёдаги ўрни ва ўз тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқи ҳақидаги ўзига хос референдумга айланди.

Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Арманистонда парламент сайловлари якунланди. Парламент ўринлари учун 19 та партия курашган бўлсада, асосий рақобат амалда уч сиёсий куч - амалдаги бош вазир Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси, тадбиркор Самвел Карапетяннинг «Кучли Арманистон» ҳаракати ҳамда собиқ президент Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» («Айастан») блоки ўртасида кечди.

Муддатидан илгари ғалаба

Гарчи баёнот пайтида бюллетенларнинг атиги 10 фоизи қайта ишланган бўлсада. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўзининг «Фуқаролик шартномаси» партияси ғалаба қозонганини маълум қилди, Фуқароларнинг 49 фоиздан ортиғи амалдаги ҳукумат раҳбари партиясига овоз берган. «7 июнь куни Миллий мажлис сайловлари бўлиб ўтди ва ушбу сайловлар якунларига кўра, “Фуқаролик шартномаси” партияси ғолиб чиқди ҳамда ҳукуматни якка ўзи шакллантиради», — деди сиёсатчи журналистларга.

Пашинян бу ҳақда нима учун Марказий сайлов комиссияси эмас, айнан ўзи гапираётганини изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, барча участка сайлов комиссияларида овозларни санайдиган ишончли вакиллар фаолият юритмоқда.

«Биз (Ғарб билан. — муаллиф изоҳи) яқинлашувни давом эттирамиз, бироқ Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги иштирокимиз ва аъзолигимизни ҳам сақлаб қоламиз. Шунингдек, Россия Федерацияси ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа давлатлари билан муносабатларимизни ривожлантирамиз. Албатта, ЕОИИ доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга кўмаклашамиз», — дея қўшимча қилди у. Сиёсатчи, шунингдек, республика ҳозирча Европа Иттифоқига аъзо бўлишга тайёр эмаслигини тан олди. Шу билан бирга, Пашиняннинг айтишича, у мамлакатни Европа Иттифоқи даражасига етказиш учун ислоҳ қилиш ниятида.

Ҳозирги вақтга келиб бюллетенларнинг 100 фоизи қайта ишланган бўлиб, Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Никол Пашинян партияси 49 фоиз овоз тўпламоқда. Шу тариқа, амалдаги бош вазирнинг устунлиги пасайди.

Иккинчи ўринни 23,29 фоиз натижа билан тадбиркор Самвел Карапетяннинг «Кучли Арманистон» блоги эгаллаб турибди. Учинчи ўрин эса собиқ президент Роберт Кочаряннинг «Арманистон» блогига тегишли бўлиб, у 9,9 фоиз (айрим маълумотларга кўра, 17 фоиз) овоз олмоқда.

Бу тўлиқ ғалаба эмасми?

Арманистонда сайловлар якунланди, аммо асосий воқеалар энди бошланмоқда. Бу ҳақда арман фуқаролик фаоли Микаэл Бадалян маълум қилди. Унинг билдиришича, сайловчилар фаоллиги тахминан 60 фоизни ташкил этган бўлиб, бу, унинг таъбири билан айтганда, «ҳокимият учун ҳалокат»дир. «Энди бизни “молдовача” ёки “руминча” сценарий кутмоқда. Жойлардаги барча фаоллар тайёр турсин. Ҳаммаси энди бошланмоқда», — деб ёзди Бадалян ўзининг Telegram каналида.

Фаолнинг гапида жон бор. Агар Парламентга россияпараст номзодлар 10 фоиз бўлса ҳам ўтиб қолса, улар келаси 5 йил давомида Москва буйруқлари асосида “сувни лойқалатиш”да фаол бўлишади. Кейинги сайловларда эса “мана, ўтган сафар сиз Пашинянни танлаб хато қилибсиз, уддалай олмади, энди Россия билан ҳамкорлик тарафдорларини танланг” дейишлари учун асос бўлади. Грузиядаги охирги сайловларда худди шундай йўл тутилган ва бош вазир лавозимга Москва танлаган номзод чиқиб қолган эди. Натижада гарчи грузин халқи ва президенти қарши бўлсада, Грузия Москва чизиб берган йўлдан юрмоқда.

Изчил трансформация

Таъкидлаш керак, Арманистон фақатгина янги парламент учун овоз бергани йўқ. Бу сайловлар мамлакат келажаги, унинг дунёдаги ўрни ва ўз тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқи ҳақидаги ўзига хос референдумга айланди.

Зеро, СССР парчаланганидан кейинги ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Арманистон хавфсизлик, энергетика ва иқтисодиёт соҳаларида Россия билан яқин боғлиқ бўлиб қолди. Кўпчилик бу алоқаларни барқарорлик кафолати деб ҳисоблади. Бироқ сўнгги йиллардаги воқеалар арман жамияти бу қарамлик мамлакат хавфсизлигини таъминлашдан кўра, унинг мустақил ривожланиш имкониятларини чеклаганига амин бўлмоқда.

Маълумки, Арманистон парламент республикаси ҳисобланади. Асосий ҳокимият бош вазир ва парламентдаги кўпчилик қўлида жамланган. Шунинг учун парламент сайловлари амалда давлатнинг келгуси бир неча йиллик йўналишини белгилаб беради.

2018 йилда тарихга Бахмал инқилоби сифатида кирган воқеалардан кейин Арманистон сиёсий тизими анчагина рақобатбардош тус олди. Эски элиталар монополияси барҳам топди ва жамият ҳокимиятга сайловлар орқали таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Бу ўзгаришларнинг асосий сиёсий бенефициари «Фуқаролик шартномаси» партияси ва унинг етакчиси Никол Пашинян бўлди.

“Кимсиз, жаноб Пашинян?”

Никол Воваевич Пашинян 1975 йил 1 июнда Арманистон ССРнинг Ижеван шаҳрида туғилган. Никол Пашинян журналист ва мухолифат фаолидан ҳукумат раҳбаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 2018 йилда айнан у коррупциялашган ҳокимият тизимига қарши оммавий норозилик ҳаракатига бошчилик қилди.

У Арманистондаги «бахмал инқилоб» етакчиси ҳисобланади. 2012–2018 йилларда Арманистон Миллий мажлиси депутати, 2017–2018 йилларда эса «Елк» фракцияси раҳбари бўлган.

1991 йилда мактабни тамомлагач, Никол Ереван давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирган. 1993–1994 йилларда Арманистон газеталарида мухбир бўлиб ишлаган.

Пашинян сиёсий фаолиятини 2007 йилда бошлаган. 2012 йилда депутат этиб сайланган. 2015 йилда у «Фуқаролик шартномаси» партияси асосчиларидан бири бўлган. 2018 йил 13 апрель куни Серж Саргсяннинг бош вазир этиб сайланишига қарши норозилик акцияларини ташкил этган.

Пашинян 2018 йил 8 майдан буён Арманистон Бош вазири лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, у 2021 йил 25 апрелдан 2 августга қадар бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган ва июнь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган.

2026 йил 30 март куни «Фуқаролик шартномаси» партиясида ўтказилган ички овоз бериш натижаларига кўра, Никол Пашинян бўлажак сайловларда бош вазирлик лавозимига партия номзоди сифатида кўрсатилган.

Пашинян ўз тарафдорлари учун демократик ўзгаришлар, коррупцияга қарши кураш ва замонавий давлат қуришга интилиш рамзига айланди.

Мухолифлари учун эса у 2020 йилги урушнинг оғир оқибатлари ва Қорабоғ устидан назоратнинг йўқотилиши учун масъул сиёсатчи бўлиб қолмоқда.

Бироқ ҳатто кўплаб танқидчилар ҳам шуни тан оладики, айнан Пашинян даврида Арманистон бутун постсовет давридаги энг рақобатбардош сиёсий тизимга эга бўлди.

“Қон оқаётган жароҳат”

Қайд этиш жоиз, Тоғли Қорабоғ мавзуси арман жамияти учун ҳамон оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Пашиняннинг рақиблари унинг сиёсати мағлубиятга ва кейинчалик арман аҳолисининг минтақадан чиқиб кетишига олиб келганини таъкидлайдилар.

Амалдаги Бош вазир тарафдорлари эса бу инқироз аввалги ҳокимиятларнинг ўнлаб йиллар давомидаги хатолари ҳамда Россиянинг хавфсизлик бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмагани натижаси эканини айтишади.

Пашиняннинг ўзи эса Арманистонни ушбу муаммодан халос этганидан фахрланишини билдирган. Унинг сўзларига кўра: «Бу — Арманистон олдидаги энг катта хизматимдир. Биз келажак авлодга қон оқиб турадиган жароҳатни эмас, тинчликни мерос қилиб қолдиришимиз керак».

«Биз бу фалокатга чек қўйдик. Мана икки йилдирки, Арманистон чегараларида ўқ овози эшитилмаяпти, аскарларимиз ҳалок бўлмаяпти», — деган Пашинян.

Қорабоғ инқирозидан кейин Ереван ва Москва ўртасидаги ишонч кескин пасайди. Шу фонда Пашинян ҳукумати Европа, АҚШ ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан муносабатларни фаолроқ ривожлантира бошлади. Айнан шу сиёсат Ереван ва Москва муносабатларидаги тарангликнинг асосий манбаларидан бирига айланди.

Парламент сайловлари арафасида Путин Пашинян эмас, россияпараст ва Россия паспортига эга олигархлар Арманистон ҳукумати тепасига келишини исташини билдирди. Арманистоннинг Европа Иттифоқи сари интилаётгани унга ёқмаслигини очиқ билдирди.

Амалий чора сифатида Арманистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия бозорига етказишни тақиқлади. Арманистонга эса газ ва олмослар сотилишини тақиқлади. Шунингдек, 100 минг нафар Россия ва Арманистон паспортига эга фуқароларни пул эвазига Арманистонга юбориш режаси ишлаб чиқилгани айтилади.

Бу амалга оширилди ҳам. Масалан Россиянинг Иркутск вилоятидаги арман диаспорлари раҳбарларига шундай лоял арманларни Арманистонга жўнатиш топшириғи берлигани айтилди. Улар учун Россия ҳукумати йўл кира ҳам берган.

Арманистон ҳукумати эса сайловга Россиядан келган фуқароларни 1 ойлик ҳарбий йиғинга жўнатишини маълум қилди. Кейинчалик уларга Арманистонга чиқиб кетишга тақиқ қўйилиши ҳам мумкин.

Бу ерда абсурд жиҳат шундаки, Арманстонда яшамайдиган арманлар гўёки бир зумда бу ерга келиб россияпараст номзодни сайлаб беришади ва ўзлари яна ғойиб бўлишармиш. Аммо Арманистондаги арманлар улар учун бошқалар сайлаб кетган раҳбар қўли остида яшашга маҳкум эмиш!

Сайловга қўпол аралашувлар

Шу можаро фонида Арманистон Тергов қўмитаси "Кучли Арманистон" алянсидан депутатликка номзод бўлган олти киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Улар фуқароларнинг эркин ирода билдиришига тўсқинлик қилиш ва ўта катта миқдорда пул ювиш билан боғлиқ жиноятларда шерикликда айбланмоқда. Суриштирув сайловчиларга моддий манфаатлар бериш ва пул маблағларини легаллаштириш иши доирасида олиб борилмоқда. Номзодлар Артур Абрамян, Ашот Саакян, Сюзан Бадоян, Ваге Егиазарян, Айк Авагян ва Ваге Тавакалян қамоққа олинган.

Шунингдек, Путиннинг, Арманистон Россия билан алоқаларни узса, ЯИМнинг 14 фоизини йўқотиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилди.

Бироқ эксепртларнинг айтишича, Арманистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмиайнан Москва Украинага бостириб киргач тез суръатда оша бошлаган. Чунки Арманистон Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам берган. Россия газаи ва олмослари Арманистон орқали хорижга сотилган. Ғарб техникалари эса гўёки Арманистон маҳсулоти сифатида расмийлаштирилиб Россияга ўтказилган. Шу боис Россия билан алоқалар тўлиқ узилса ҳам, бу Путин айтганидек даҳшатли салбий оқибатларга олиб келмайди.

Уруш хавфи

Шунингдек, Хроники Кавказа" нашрининг ёзишича, Россия нафақат демократик сайловларга аралашиш, балки, Пашиянни куч бн ағдариш режасини ҳам тузиб чиққан.

Россия махсус хизматлари ходимларидан бирининг телефони хакерлар томонидан бузиб кирилгач, бу режага оид материаллар борлиги аниқланган.

АҚШ эса табиийки, Пашиняннинг тинчлик ва демократини барқарор қилиш йӯлидаги қарорларини олқишлади ва уни қӯллаб қувватлашини маълум қилди.

“Айиқ хизмати”

Русларда “Айиқ хизмат” деган нақл бор. Яъни бир эртакда айиқ ухлаб ётган дўсти юзига қўнган пашшани ўлдираман деб, дўстини бошига калтак билан уриб ўлдириб қўди.

Москванинг сайловларга аралашишгаи уринишлари ҳам шундай акс-таъсир кўрсатди. Арманистон халқининг Россияга нафрати ошиб, Пашинян атрофида уюша олишига хизмат қилди. Москва ўзи хоҳламаган ҳолда Пашиняннинг рейтингини яна кўтариб берди.

Сайловлар олдидан Россия пропагандаси зўр бериб Пашиняннни ёмонлаш ва Украина аҳволига тушириб қўйиши мумкинлиги билан таҳдид қила бошлади.

Ҳали сайлов бошланмасидан Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Владимир Медведев сайлов натижаларини тан олмаслигини, россияпараст номзодларнинг ҳуқуқлари чекланаётгани ҳақида баёнот берди.

Путин эса журналистлар билан учрашув ӯтказган Ереван ЕОИҲТдаги фаолияти ЕИга интерграциялашувга уриниш қадамларига мос келмаслигини таъкидлади. Кейинчалик россиялик сиёсатчилар келаси 1 ой ичида Арманистонни ЕОИҲТ аъзолигидан маҳрум қилиши мумкинлигини айтишди. Бу эса аввалги божхона, импорт-экспорт бўйича имтиёзларнинг бекор қилинишини англатади.

Бироқ Пашинян бундай қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мумкин эмаслигини, бу ташкилот ичидаги қарорлар ягона консенсунс асосида қабул қилинишини эслатди.

ЕОИҲТдаги норозилик

Никол Пашинян сайловда овоз бергач, Россия билан муносабатлардаги таранглик сунъий равишда яратилаётганини таъкидлади.

"Россия билан муносабатлар институционал асосга эга ва ўзаро ҳурматга таянади. Арманистонда фаолият юритаётган айрим кучлар арман-рус муносабатларида таранглик яратишга уринмоқда", — деди Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин билан "жуда яқин муносабатда" эканини ҳам қўшимча қилди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик мақомидан маҳрум қилиниши мумкин эмас, чунки у ерда барча қарорлар келишув асосида қабул қилинади, Арманистон эса бошқа барча давлатлар каби вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Қозоғистонда ўтган ЕОИҲТ саммитида аъзо давлатлар Арманистондан ташкилот билан алоқаларини аниқлаштириб олишини талаб қилишди. Россия эса ЕИга кириш бўйича Арманистон халқидан рухсат сўраш, яъни реферуендум ўтказиш кераклигини маълум қилди.

Бироқ Пашинян бунга ҳожат йўқлигини, чунки ҳали Ереван ЕИга аъзолик учун ариза топширмаганини билдирди.

Қисқа қилиб айтганда, Пашинян жуда нозик ва пухта сиёсат юритмоқда. Янги уйни қурмай туриб, эскисини бузгиси келмаяпти. ЕИга кириш жараёни якунлангунига қадар ЕОИИ имтиёзларидан воз кечмасликка уриняпти. Бу сиёсатни айрим экспертлар Ереван Россиянинг “ғазаби”ни кучайтирмаслик мақсади билан изоҳлашади.

“Ботқоқ эмас, гулзор танланди”

Бир сўз билан айтганда ушбу парламент сайловларда Арманистон аҳолиси нафақат парламент аъзолари ва бош вазирни, балки Арманистон келажагини ҳам танлади. Агар Пашинян яна қайта сайланса, Россия яна бир иттифоқчисидан айрилади. Машҳур журналист Александр Гордон айтганидек, Россия ўзининг охирги форпости, иттифоқчисидан айрилмоқда.

Бунга эса фақат Москванинг ўзи айбдор. Ўз иттифоқчилари ва қўшнилари билан кибрлик ва худбинлик асосида юритилаётган ташқи сиёсат Россияга шундай оқибатларни ҳадя қилди...

Арманистон тарихидаги бурилиш палласи

Тарихдан маълум, халқлар ҳаётида шундай паллалар бўладики, уларда гап алоҳида сиёсатчилар ёки партиялар ҳақида эмас, балки бутун миллатнинг келажак йўли ҳақида кетади. Арманистон учун бу сайловлар айнан шундай синов бўлди. Овоз бериш қутиси олдида турган ҳар бир фуқаро амалда икки номзоддан бирини эмас, икки хил келажакдан бирини танлади.

Албатта, ҳеч қайси йўл мукаммал эмас. Мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи ҳамиша хавф-хатарлар, хатолар ва оғир масъулият билан бирга келади. Бироқ бошқалар белгилаб берган тақдир бўйича яшашнинг баҳоси кўпинча бундан ҳам оғирроқ бўлади.

Шу маънода Арманистондаги бу сайловлар фақат ҳокимият алмашинуви ёки парламент таркибини шакллантириш жараёни эмас, балки миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилашга бўлган интилишининг навбатдаги намоёни бўлди. Тарих эса одатда хатосиз қарор қабул қилганларни эмас, балки ўз келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга журъат этган халқларни эслаб қолади.

Балки шунинг учун ҳам бу сайловларнинг асосий натижаси қайси партия қанча ўрин олганида эмас, балки арман жамияти ўз келажаги ҳақидаги қарорни ташқи босимлар эмас, айнан ўз иродаси билан қабул қилишга уринганидадир. Зеро, эркинликнинг ҳақиқий маъноси ҳам айнан шунда — танлов қилиш ҳуқуқида ва ўша танлов учун жавоб бериш жасоратида.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid