19 нафар мансабдор ишдан олинди
Улар аҳоли мурожаатлари билан ишлашда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган ташкилот ва идораларда ички хизмат текширувлари ўтказилиб, 36 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, 19 нафар ходим лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати хабар берди.
Халқ қабулхонаси 2026 йил 1 апрелдаги ПФ-51-сон фармон ижроси доирасида ҳамда аҳоли мурожаатлари вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида мурожаатлар бўйича ўрганиш ўтказган.
Ўрганишлар натижасида 41 та вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан жами 1070 та ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Халқ қабулхонаси тегишли ташкилотлар раҳбарларига вазиятни зудлик билан бартараф этиш, масъул ходимларни жавобгарликка тортиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш талаби билан назорат хатлари юборган.
Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида мурожаатларнинг ижро муддатларини энг кўп бузган ТОП-10 ҳокимлик, вазирлик ва идоралар қуйидагилар:
- Андижон вилояти ҳокимлиги – 137
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги – 107
- Сурхондарё вилояти ҳокимлиги – 103
- Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси – 79
- Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси – 65
- Тошкент шаҳар ҳокимлиги – 55
- Қашқадарё вилояти ҳокимлиги – 45
- Оила ва хотин-қизлар қўмитаси – 45
- Наманган вилояти ҳокимлиги – 44
Шунингдек, 600 га яқин мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилишига йўл қўйган ҳамда аниқланган камчиликлар бўйича тегишли чоралар кўрмаган 13 та вазирлик ва идораларга оид материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган.
