Автобусга чиққандан тўлов қилиш қоидаси жорий этилади
Йўлкира автобусга чиқиш вақтида тўланмаганда, йўловчи чиптасиз юрган деб ҳисобланади.

Автобусларда йўловчи ташиш такомиллаштирилади.
“Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (276-сон, 03.06.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, ҳайдовчи билан бирга 60 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган, “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган M3 тоифадаги (III синфга мансуб бўлмаган) янги транспортларни (автобус/электробус ёки троллейбуслар):
- 2027 йил 31 декабргача Ўзбекистонга импорт қилишда утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланилади.
2026 йил 1 сентябрдан:
- йўловчи томонидан йўлкира валидаторлар билан жиҳозланган автобусга чиқиш вақтида қуйидаги усуллар орқали тўланади:
- транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда уни валидация қилиш;
- банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов турларидан фойдаланиш (NFC, QR, Biometric, BLE, UWB ва бошқа жорий этилаётган технологиялар ёрдамида тўлаш);
- ижтимоий/транспорт картасини валидаторга теккизган ҳолда имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш;
- йўл ҳақи мазкур усуллар орқали автобусга чиқиш вақтида тўланмаганда, йўловчи чиптасиз юрган деб ҳисобланади.
