"Чирчиқ" технопаркида бир йилда 56 млн долларлик инвестиция ўзлаштирилди
2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга ошириш режа қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркидаги “NovoPlast TPE” корхонасида бўлди.
Лойиҳа Россиянинг “VR Plast” корхонаси билан ҳамкорликда 4 минг 200 квадрат метр майдонда амалга оширилган. Унинг умумий қиймати 5,4 миллион долларни ташкил этади.

Корхонада замонавий лаборатория ва инновацион ишлаб чиқариш линиялари йўлга қўйилган. Бугунги кунда у термопластик эластомер гранулалар ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий етакчилардан бири сифатида фаолият юритмоқда.
Бу ерда юқори сифатли термоэластомерлар, эшик ва ромлар учун зичлагичлар, техник ҳамда озиқ-овқат саноати учун мўлжалланган шланглар, шунингдек, қурилиш ва электротехника тармоқлари учун турли полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий афзаллиги уларнинг мустаҳкамлиги, деформацияга чидамлилиги ва ташқи муҳит таъсирига юқори бардошлилиги ҳисобланади. Шу сабабли мазкур маҳсулотлар қурилиш, автомобиль саноати, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳамда электротехника соҳаларида кенг қўлланилмоқда.
Корхона таркибида замонавий тадқиқот маркази фаолият юритади. Бу ерда Осиё ва Европа бозорлари талабларидан келиб чиққан ҳолда термоэластопластларнинг янги рецептуралари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, тайёр гранулалар, зичлагичлар ва юқори босимли шланглар халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказилади.
58 та янги иш ўрни яратилиб, ўтган йил якунларига кўра, бу ерда 103 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шунингдек, 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Корхона фаолиятининг яна бир муҳим натижаси импорт ўрнини босиш билан боғлиқ. Хусусан, 2025 йилда 8,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Келгусида корхона маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 177 миллиард сўмга ҳамда экспорт улушини 60 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу режалар амалга оширилса, корхона нафақат маҳаллий бозор эҳтиёжларини қондириш, балки Марказий Осиё ва бошқа ташқи бозорларда ҳам ўз мавқеини янада мустаҳкамлаши мумкин.
“Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев “BCG Group OZ” корхонаси билан танишди.

Маиший ва автомобиль кимёси кундалик турмуш ва транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган кимёвий воситалар ҳисобланади. Ўзбекистонда бу турдаги маҳсулотларнинг катта қисми импорт қилинар эди, аммо бугунги кунда маҳаллий ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда.
“BCG Group OZ” корхонаси айни кунда кенг ассортиментда маиший ва автомобиль кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.
Умумий қиймати 6 миллион долларлик лойиҳа доирасида россиялик ҳамкор билан ташкил этилган корхонада 80 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

80 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан, автокимё ва автокосметика, меҳмонхона, ресторан ва саноат учун профессионал клининг воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Биргина ўтган йилда 176 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 2,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. 14,7 миллион долларлик маҳсулот импорт ўрнини босди.
Маҳсулотларнинг сифати миллий ва халқаро ҳужжатлар, хусусан, ISO 9001, “Ҳалол” ҳамда МДҲ давлатлари сертификатлари билан тасдиқланган.
Ишлаб чиқариш жараёнида сифат назорати хомашёдан бошлаб тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олади. Лабораторияда хомашёнинг техник талабларга мувофиқлиги, маҳсулотнинг қовушқоқлиги, pH кўрсаткичи, зичлиги ва самарадорлиги текширилади.
Бугунги кунда корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон каби қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.
Корхона келгусида маҳсулотларининг ҳажмини 294 миллиард сўмга етказишни мақсад қилган.
Давлатимиз раҳбари бу каби ишлаб чиқаришлар мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодиёт ривожининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда ташкил этилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бугунги кунда соҳадаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланиб улгурди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида барпо этилган мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш мақсадига хизмат қилмоқда. Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга 25 миллион доллар маблағ йўналтирилди.

Технопаркнинг инвестициявий жозибадорлиги аниқ рақамларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Йил давомида корхоналар томонидан 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Келгуси режалар ҳам улкан. 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2 минг 300 тага ошириш белгиланган.
Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёевга технопарк фаолияти, шунингдек, кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар тақдимот қилинди.
Бугунги кунда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш аграр сектор барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Йилига 3,7 миллион тонна ўғит ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, импорт қилинаётган фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга бўлган талаб тармоқни янада модернизация қилишни тақозо этмоқда. Бу борада 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Нефть-кимё тармоғида эса полимерларга бўлган ички эҳтиёж ортиб бормоқда. 2032 йилга бориб, мазкур эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Ангренда “Кўмирдан олефинлар олиш” ва Қўнғиротда “Нафтани қайта ишлаш” каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу талабни тўлиқ қондириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилади.
Маиший кимё соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция лойиҳалари орқали импорт ҳажмини икки баробарга қисқартириш, ички истеъмолни маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига 64 фоизгача етказиш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш кўзда тутилган.
