Июн ойи учун эҳтимолий об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жорий йилда ёз беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-3 июн кунлари республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Гидрометеорологияхизмати июн ойи об-ҳаво маълумотини тақдим этди.
Жорий йилда ёз беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-3 июн кунлари республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди. Ҳарорат асосан кечалари 15-20 даража, кундуз кунлари 30-35 даража бўлади.
Кейинчалик ой охиригача ҳарорат асосан кечалари 18-23 даража бўлади, кундуз кунлари 29-34 даражадан 34-39 даражагача ўзгариб туради, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда айрим кунларда 40-42 даражагача бўлади.
Ойнинг биринчи ярмида айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Бу йилги ёз қандай бўлади? У экстремал иссиқ бўладими? Бу савол осон эмас.
Америка иқлим прогнозлари марказининг сўнгги бюллетенига кўра, 2026 йил май ойида Эл-Нино ҳодисаси бошланишининг биринчи аниқ белгилари (Тинч океанида сув ҳароратининг кескин кўтарилиши) қайд этилди, бу эса сайёрамизда глобал ҳаво ҳароратининг кейинги ошишига сабаб бўлади.
Ҳозирги вақтда барча иқлим тизими нейтрал деб ҳисобланади, аммо океандаги сув ҳарорати жуда юқори тезликда кўтарилмоқда. Бу дунёнинг етакчи мавсумий прогнозлаш марказлари томонидан 2026 йил ёзи иссиқ бўлиши прогнозлари билан боғлиқдир.
Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?
Ўзбекистонда ёз анъанавий равишда қуруқ ва иссиқ бўлади – бу Ўрта Осиё иқлимининг ўзига хос хусусиятидир. Бундан ташқари, сўнгги 15 йил давомида ёз фасллари ўртача ҳарорати кўтарилишининг барқарор тенденцияси кузатилмоқда.
Жаҳон прогноз марказлари ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда "Ўзгидромет"нинг дастлабки баҳолашига кўра, жорий йилда ёзнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши мумкин.
Ёзги мавсум давомида экстремал қийматларга яқин бўлган жуда иссиқ об-ҳаво даврлари бўлиши кутилмоқда. Ёз ўрталарида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати 42-44 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-47 даражагача кўтарилиши мумкин.
